Фарғонадаги ўқув маркази битирувчилари Германияда ишлайди
Фото: Халқ сўзи
Айни кунларда Фарғона шаҳрида рўйхатдан ўтган “ValleyEuroSchool” МЧЖ ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида эзгу ташаббус илгари сурилмоқда. Унга кўра Фарғона шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида “ValleyEuroSchool” томонидан ташкил этилган немис тили ўқув маркази Германия меҳнат бозорида талаб юқори бўлган ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш йўлга қўйилади.

Ушбу жараёнда ўқув маркази раҳбари, германиялик тадбиркор Карл-Хайнс Ях биринчи босқичда 7 ой давомида 40 нафар тингловчи ўқитилиб, уни муваффақиятли тамомлаган ўрта тиббиёт ва хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларига махсус сертификатлар топширилишини режалаштирмоқда. Шу тариқа немис тилини B2 даражаси имтиҳонидан ўтган марказ битирувчилари келгусида Германияда доимий иш ўринлари билан таъминланади. 2022-2024 йилларга мўлжалланган лойиҳа доирасида 500 нафар ёшларга немис тилини ўргатиш ҳамда уларнинг Германияда бандлигини таъминлаш кўзда тутилмоқда.
— Ҳаётбахш лойиҳани амалга ошириш учун «Ишга марҳамат» мономарказидан иккита аудитория, ўқув хоналари ажратиб берилди, — дейди мономарказ бошлиғи биринчи ўринбосари Алишер Эминов. — Ўқув маркази машғулотларига немис мутахассислари билан бирга тегишли тил билиш даражасига эга маҳаллий ўқитувчилар ҳам жалб этилади.
Шу кунларда Фарғона вилоятида бўлиб турган Карл-Хайнс Ях мономарказга ташриф буюриб, бўлажак ўқитувчилар ҳамда тингловчилар билан дастлабки танишув суҳбатини ўтказди.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг