Фарғонадаги давлат боғчаларида болалар оммавий заҳарланди
Иллюстратив фото
Фарғона шаҳридаги давлат боғчаларида болаларнинг оммавий заҳарланиши юз берди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасига 21 февраль куни соат 19:00 дан бошлаб Фарғона шаҳар ҳудудида жойлашган 2-сонли, 58-сонли ва 61-сонли мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари тана ҳароратини кўтарилиши, қоринда оғриқ, ҳолсизлик, кўнгил айниши, ич ўтиши белгилари билан мурожаат билан келган.
Аниқланишича, беморларда қорин соҳасида оғриқ, ич кетиши, тана ҳарорати кўтарилиши, кўнгил айниши каби соғлиғида салбий ҳолатлар кузатилган. Шифохонада даволовчи врачлар томонидан беморлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, «Ўткир диарея касаллиги, алиментар этиологияли» ташхиси билан диарея бўлимига ётқизилган.
«Ҳозирда бўлимда 62 нафар бемор стационар даволанаётган бўлиб, ҳолати яхши», дейилади расмий муносабатда.
Билдирилишича, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси мутахассислари боғчаларнинг ошхоналарида ва овқат етказиб берувчи корхонада текширувлар ўтказиб, болалар истеъмол қилган таомлардан лаборатория намуналари олиб текширмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг