Фарғонада “SAVE ARAL – 2022» югуриш марафони ўтказилди

16:45 06 Октябр 2022 Жамият
667 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида «Оролни сақлаймиз!» шиори остида “SAVE ARAL – 2022» югуриш марафони бўлиб ўтди.

Ипакчилар шаҳрида ўтказилган оммавий югуриш марафонида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган 3000 нафарга яқин 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ҳаваскор спортчи ёшлар, профессионал спортчилар, ҳарбийлар, имконияти чекланган шахслар ҳамда кенг аҳоли қатлами вакиллари иштирок этишди.

— Мусобақа табиатга нисбатан дўстона муносабатни шакллантириш ҳамда ҳамюртларимиз ўртасида спортни оммалаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир, — дейди Фарғона вилояти спортни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Нодирбек Ҳакимов. — Бугунги мусобақа кейинги йилларда вилоятда аҳолини спортга оммавий равишда жалб этиш ишлари анча яхшиланганини яна бир бор намоён этди.

Шу куни 3 километр масофани босиб ўтган Данғара туманидан Ҳасанжон Акбаралиев фахрли биринчи ўринга сазовор бўлган бўлса , тошлоқлик Аҳрор Маҳмудалиев иккинчи ҳамда Фарғона шаҳридан Раҳматилла Нуралиевлар учинчи ўринни қўлга киритди.

Марафон якунида ғолиб ва совриндорлар ҳамда фаол иштирокчилар алоҳида номинациялар бўйича вилоят ҳокимлиги ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Шунингдек, жорий йилнинг 8 октябрь куни худди шу каби марафон Қўқон шаҳрида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер