Фарғонада «Ўрик гуллаганда» II халқаро ёшлар ижодиёти фестивали ўтказилди
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган «Ўрик гуллаганда» II халқаро ёшлар ижодиёти фестивали Олтиариқ туманидаги қир-адирларда бўлиб ўтди.
2024 йилда илк бор Ўзбекистон туманида ўтказилган ушбу фестиваль миллий қадрият ва анъаналаримизни тарғиб этиш, она табиатга бўлган меҳрни юксалтириш, навқирон авлод қалбида ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш мақсадида ташкил этилган эди. Фарғона вилояти, шаҳар-туман ҳокимликлари вакиллари, хорижий меҳмонлар, ўқувчи-ёшлар, маданият ва маърифат соҳаси ходимлари, нуронийлар ҳамда фахрийлар жам бўлган бу йилги фестиваль ҳам эзгу орзу-ниятлар ижобати учун хизмат қилади.

Табиати гўзал ва бетакрор Қапчуғай қир-адирликлари бағридаги ўрикзорда халқ ижодиёти намуналари, китоблар кўргазмаси, миллий либослар ва ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш этилди. Дорбозлар, аскиячилар, ошпазлар маҳорати, халқ бадиий жамоалари, маданият уйлари ансамбллари, машҳур санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди.
— Бугунги шодиёнада Бағдод туманидан келган бир гуруҳ нуронийлар ҳам фаол иштирок этмоқдамиз, — дейди меҳнат фахрийси Машрабжон Хурбоев. — Таъкидланганидек, бундан буён «Ўрик гуллаганда» фестивали вилоятнинг бошқа туманларида ҳам ўтказилиши режалаштирилмоқда. Шу тариқа келгусида мазкур тадбир анъанавий баҳор байрамига айланиб, Фарғона вилоятида кенг нишонланаётган 20 га яқин доимий фестиваллардан бирига айланади.

Байрам дастурига кўра, кун давомида баҳор мавзусидаги расмлар танлови, «Нон – ризқ-рўзимиз» шиори остида кўргазма, фарғонача палов пишириш мусобақаси, болалар ўртасида варрак учириш беллашуви, миллий либослар намойиши каби ранг-баранг тадбирлар уюштирилди. Беллашувларда самимият, дўстлик ва бирдамлик каби эзгу фазилатлар намоён этилди.
— Бизнинг мамлакатимизда ҳам ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган миллий байрамлар бор, — дейди тадбирда қатнашаётган бир гуруҳ ҳиндистонлик талабалар. — Яқинда ўзимиз таҳсил олаётган Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтида «Холли» байрамимизни барча тенгдошларимиз билан биргаликда нишонладик.

Бу байрамда иштирок этиш орқали бир олам унутилмас таассуротлар олдик, фарғоналик дўстларимиз сафи янада кенгайди.
Қизиқарли тадбирлар файзли оқшомгача давом этиб, қийғос гуллаган ўрик боғларида қадрдон халқ лапарлари жаранг сочди, тиниқ осмонда болажонларнинг варраклари учиб юрди, нуронийлар яхши ният билан деҳқончилик юмушларига киришаётган миришкор томорқачиларга қут-барака тилашди.

Фестиваль якунида бир неча номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг