Фарғонада энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланаётган тадбиркорлик субъекти давлат ва жамият манфаатларига 270 миллионга яқин зарар келтирди

12:09 25 Февраль 2025 Жамият
214 0

Фарғона вилоятининг Данғара туманида ўтказилган рейд тадбирлари давомида «Чинобод» маҳалласида жойлашган фуқаро С.Н.га қарашли чинни буюмларга ишлов бериш корхонасининг электр таъминоти кўздан кечирилганда ноқонуний ҳаракатлар аниқланган. Текширув давомида корхона электр тармоқларига ҳисоблагичдан ташқари тўғридан-тўғри уланиб, ўзбошимчалик билан электр энергиясидан фойдаланиб келаётгани ошкор бўлган.

«Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш мақсадида мунтазам равишда рейд тадбирлари ўтказилмоқда. Мазкур тадбирлар давомида электр тармоқларига ноқонуний уланиб, йирик миқдордаги электр энергиясидан фойдаланаётган корхоналар ва фуқаролар аниқланяпти», дейилади хабарда.

Аниқланишича, корхона жами 269,6 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган. Мазкур қоидабузарлик бўйича мутахассислар томонидан тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилди ва корхонага электр энергияси етказиб берилиши дарҳол тўхтатилди.

Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш бўйича рейд тадбирларини давом эттиришини маълум қилди. Шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорларга электр энергиясидан қонуний асосда фойдаланиш, қоидабузарликларга йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантириш берилмоқда. Ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда, қонуний чоралар кўрилиши таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер