Фарғонада «Банан» операцияси

22:16 14 Сентябр 2020 Жамият
3589 0

Дунёда ҳар йили ўртача 115 миллион тоннага яқин банан етиштирилади ва сайёрамизнинг барча мамлакатларида ғоятда фойдали мева сифатида истеъмол қилинади.

Бу борада жаҳонда Ҳиндистон, Хитой, Индонезия, Бразилия,Эквадор, Филиппин сингари давлатлар етакчи ва ушбу мева экспорти орқали жуда катта даромадга эга бўлади.

Ўзбекистонда, хусусан, Фарғона вилоятида кейинги йилларда барча цитрус мевалар каби банан етиштириш бўйича ҳам тажрибалар амалиётда синовдан ўтмоқда.

«Банан дарвозаси»

Таҳлилларнинг кўрсатишича, кейинги икки йилда Фарғона вилоятига чет элдан банан олиб келиш салмоғи сезиларли даражада ортди. Бу вилоятимизда ўзига хос йўлак, дарвоза очилганидан далолат беради.

2019 йилнинг январь-август ойларида вилоятимизга 2 минг 362,2 тонна – 971,4 минг долларлик банан олиб келинди. Энг катта импорт Эквадор ҳиссасига тўғри келиб, ушбу мамлакатдан 2 минг тоннадан зиёд мева келтирилди. Шунингдек, Нидерландия, Россия, Туркия, Қирғизистондан (2019 йилнинг тўртинчи чорагида Мексикадан ҳам 120 тонна олиб келинган) мазкур мева вилоятимизга импорт қилинди.

2020 йилнинг январь-август ойларида эса вилоятимизга 5 минг 571,1 тонна – 2 миллион 272,9 минг долларлик банан меваси келтирилди. Пандемия шароитида бўлишига қарамай атиги бир йилда Фарғонага хориждан банан импорт қилиш ҳажми жуда катта миқдорда ошди. Унинг асосий қисми яна Эквадордан (5 429,7 тонна) олиб келинган бўлса, Россия (96,8 тонна) ва қўшни Қирғизистондан (44,7 тонна) ҳам мазкур мева олиб келинган.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Интернетдан олинган маълумотларга қараганда, Россияда банан етиштирилмайди. Аммо жаҳон бозорига энг кўп маҳсулот экспорт қилувчи мамлакатлардан бири бўлган Эквадорда етиштирилган ушбу меванинг қарийб 95 фоизи Россияга сотилади. Бундан кўринадики, тадбиркорларимиз Эквадор бананини биринчи қўлдан эмас, Россия бозоридаги воситачилар орқали Фарғонага олиб келишаётгани эҳтимолдан холи эмас. Боиси жаҳон бозорида у унчалик қиммат мева ҳисобланмайди. Лекин бизнинг бозор ва савдо дўконларимизда ҳамиша қиммат нархда сотилади.

— Айни пайтда Фарғонада 14 та тадбиркорлик субъекти юртимизга четдан банан олиб келиш фаолияти билан шуғулланувчи импортёр корхона сифатида рўйхатга олинган, — дейди вилоят божхона бошқармасининг ташқи савдо операциялари мониторинги ва статистикаси бўлими катта инспектори Азизбек Абдухолиқов. — Таъкидлаш ўринлики,“Wellex agro”, “Kontinenet Optimal Trade” “Universal Pariners Group”, “Havvo Group” сингари корхоналар Фарғона вилоятида рўйхатдан ўтган бўлиб, улар мамлакатимизнинг турли вилоятларида тадбиркорлик фаолиятини юритишади. Аммо бу корхоналарнинг импорт операциялари, товар айланмаси ҳажми вилоятимизда қайд этилади.

Вилоятда банан шунчалик кўп истеъмол қилинадими?!

Қизиқ, жорий йилнинг январь-август ойларида вилоятга олиб келинган 5,5 минг тоннадан ортиқ бананнинг ҳаммаси ички бозор учунми ё бу ерда бошқа мақсад кўзланганми?

Ўрганишлар жараёнида вилоятдаги ўнлаб деҳқон бозорлари масъуллари, сотувчилар, савдо мажмуалари, супермаркетлар эгалари билан суҳбатлашдик. Маълум бўлишича, бозорлар ва супермаркетларда йирик миқдорда банан сақлашга ихтисослашган омборхоналар йўқ. Ҳозирги кунда тадбиркорлар томонидан ҳафтада бир-икки маротаба Тошкентдан юк машинасида банан олиб келиниб, шаҳар-туманларга тарқатилади. Қиш мавсумида эса олиб келиш ҳажми бир неча маротаба кўпаяди.

Фарғона вилоятида рўйхатдан ўтган импортёр корхоналар четдан келган маҳсулотни бир муддат пойтахтдаги ихтисослашган омборхоналарда сақлаб, кейин республикамиз бўйлаб тарқатади.

Бизнинг шароитда банан етиштириш мумкинми?

Табиий дармондориларга бой, инсоннинг иммунитетини кўтарувчи, ҳамиша харидоргирлиги ва бошқа шу каби ноёб хусусиятлари туфайли жаҳон бозорида қадрли бўлган бананни вилоятимизда етиштириш мумкинми?

— Тажриба хўжалигимизда лимон, киви, мандарин, апельсин, банан сингари цитрус меваларни маҳаллий иқлим шароитимизга мослаштириш учун илмий-амалий тажрибалар кенг йўлга қўйилган, —дейди Учкўприк туманидаги «Меҳригиё» корхонаси иш юритувчиси Ҳожиакбар Абдураззоқов. — Киви худди ўзимизнинг узум сингари табиий ҳолатда пишяпти. Меҳнати оғир эмас, совуқ об-ҳаво ва турли касалликларга чидамли. У бозорларимизда ўртача 30-35 минг сўмдан сотилади.

Аммо юзлаб навлари маданийлашган банан иссиқсевар мева, совуққа чидамсиз бўлгани учун унга алоҳида шароит керак. Муҳтарам Президентимиз 2018 йили Андижон вилоятида 2 гектар майдондаги иссиқхонада ташкил этилган банан плантациясини кўриб, 150-200 тонна ҳосил олишни кўзлаётган миришкорлар меҳнатини олқишлаган эди. Фарғонада ҳам иссиқхона шароитида банан етиштириш имконияти жуда юқори. Олтинга тенг она заминимиз бор. Биз бундай қулай тупроқ-иқлим шароитидан фойдаланиб, яқин истиқболда нафақат банан етиштириш, балки экспортини ҳам йўлга қўйишимиз зарур.

Фарғона ва Марғилон шаҳри, Қува, Фарғона, Қўқон ҳудуди туманларида томорқа миришкорлари банан етиштириш бўйича ҳаётий тажрибаларга таянган ҳолда ҳаракат қилиб кўришди. Дастлабки уринишлар у қадар кутилган натижа бермаган бўлса ҳам бизнинг шароитда банан етиштириш мумкинлиги исботланди. Яхши натижага эришиш учун ҳаётий тажриба ва илмий-инновацион ғояларни ўзаро уйғунлаштириш керак.

Фарғоналиклар том маънода деҳқончилик илми миришкори. Бугунги кунда вилоятда тош-шағал ерларда ҳам гидропоника ва томчилатиб суғориш тизими асосида, аҳоли томорқаларида ихчам иссиқхоналарда интенсив усулда узум, гилос, қулупнай каби мевалар, полиз ва сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилиш жадал ривожланяпти.

Хўш, жуда катта миқдордаги валютамизни четга чиқиб кетишига сабаб бўлаётган бананни нима учун Фарғонанинг ўзида етиштириш мумкин эмас? Бу иш улкан ва доимий даромад манбаи экан, астойдил ҳаракат қилиб кўришга арзийди. Нима дедингиз!..

Ботир МАДИЁРОВ
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер