Фарғона вилоятида сифати кафолатланмаган дори воситаларининг муомалага киритилишининг олди олинди
Фарғона вилоятида сифати кафолатланмаган йирик миқдордаги дори воситаларининг муомалага киритилишининг олди олинди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қўқон шаҳри бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қонунга хилоф равишда дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган фуқаро И.Т. ва унинг шериклари қўлга олинди.
Қайд этилишича, тезкор тадбир давомида улар умумий баҳоси 132 миллион сўмга тенг бўлган, келиб чиқиши ҳамда сифати тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 6 минг қути «АМПИСУЛ» номли хорижда ишлаб чиқарилган дори воситасини Данғара туманида сотиш мақсадида олиб келган вақтида ушланган.
Мазкур ноқонуний ҳаракатларни фош этишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан самарали чоралар кўрилиб, дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. «АМПИСУЛ» номли дори воситаларининг келиб чиқиши ва сифати тасдиқланмаганлиги сабабли уларнинг аҳолининг соғлиғига хавф туғдириши эҳтимоли мавжуд эди. Шу сабабли бу каби ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш аҳолининг саломатлигини сақлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25, 186-3-моддаси (сифатли ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёки тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар аҳолининг соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларининг муомалага киритилишини олдини олиш бўйича назоратни кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларни давом эттирмоқда. Аҳолидан эса шубҳали манбалардан дори воситаларини сотиб олмаслик, фақат расмий дорихоналар орқали дори воситаларини харид қилиш тавсия этилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг