Фарғона вилоятида қиймати 9 миллиард сўмдан ортиқ наркотик моддалар тайёрланган нарколаборатория фош қилинди (+видео)
Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона ва ички ишлар органларини жалб қилган ҳолда тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда «ЎзА» нашри.
Унга кўра, ўтказилган тезкор тадбирда, Фарғона туманидаги «Миндонобод» МФЙдаги уйлардан бирида синтетик гиёҳвандлик воситалари тайёрлаш мақсадида ташкил этилган нарколаборатория ташкил этилганлиги аниқланган.
Маълум қилинишича, Марғилон шаҳрида яшовчи, 1990 ва 2001 йилларда туғилган 3 нафар шахс мазкур хонадонни ойига 250 АҚШ долларидан ижара ҳақи тўлаш шарти билан олиб, у ерда гиёҳвандлик воситалари тайёрлаш билан шуғулланиб келаётгани фош этилган.
Кўздан кечириш жараёнида, ушбу манзилдан 8 кг. 185 гр. Альфа-ПВП, 4 кг. 209 гр. «Спайс», 427 гр. «Мефедрон» синтетик наркотик моддалар ҳамда уларни тайёрлашда керак бўладиган 12 кг. 326 гр. махсус суюқлик ва 13 кг. 925 гр. тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Экспертиза хулосасига кўра, тезкор тадбир давомида олинган жами 12 кг. 821 гр. синтетик наркотик моддаларнинг қора бозордаги баҳоси 9 миллиард 185 миллион сўмни ташкил этиши аниқланди.
Дастлабки текширув давомида аниқланишича, қонунбузарлар интернет тармоғи орқали гиёҳвандлик воситалари сотиш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ аъзолари томонидан «закладка» усулида етказиб берилган хом-ашё маҳсулотлари асосида наркотик моддалар тайёрлаган.
Шунингдек, тайёрланган наркотик моддаларини вилоят бўйича белгиланган хуфия жойларга қолдириб, уларнинг геолокациясини жиноий гуруҳ аъзоларига мунтазам юбориб туришган ҳамда эвазига учала шахснинг ҳар бири ҳафтасига криптовалюта кўринишида 500 АҚШ долларидан маош олган.
«Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 273-моддаси 4-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди», — дейилади хабарда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг