Фарғона вилоятида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди
Фото: Халқ сўзи
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзенергоинспекция” томонидан Фарғона вилояти прокуратураси ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ билан ҳамкорликда Фарғона вилоятида ўтказилган назорат тадбирларида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.
Хусусан, Фарғона тумани, “Минабод” МФЙда жойлашган Кардиология марказининг электр қурилмаларидаги электр ҳисоблагич электр энергиясини ҳисобга олмаётгани маълум бўлди. Натижада 335 минг кВт⋅соат ҳисобга олинмаган электр энергияси бўйича 167 млн сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланди.
Шунингдек, Боғдод тумани “Янгиобод” МФЙда истиқомат қилувчи Д.Р. ўзига тегишли сув насоси хўжалигида қоидабузарликка йўл қўйган. Мазкур хўжалик электр қурилмаларининг ҳисоблаш ускунасида давлат муҳри бузилганлиги ва ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир кўрсатиш натижасида 234 минг кВт⋅соат ҳисобга олинмаган электр энергияси бўйича 105 млн сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланди.
Маълумот учун: ушбу ҳажмдаги электр энергияси (жами 569 минг кВт⋅соат) 2 минг 800 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди.
Жойларда назорат тадбирлари давом этмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг