Фарғона вилоятида 50 километрдан ортиқ суғориш тармоқлари реконструкция қилинмоқда
Фарғона вилояти қишлоқ хўжалиги тармоқларида кенг кўламли янгиланиш ва ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, соҳада илм-фан ютуқлари, илғор агротехнологиялар ва инновацион ёндашувларни амалиётга жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада янги ерларни ўзлаштириш, экин майдонлари ҳосилдорлигини ошириш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳажми изчил ортиб бормоқда.
Айни жараёнда ирригация инфратузилмасини яхшилаш, хусусан, «Сирдарё–Сўх» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тасарруфидаги каналлар ва суғориш тармоқларини бетонлаштириш ҳамда реконструкция қилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бу тадбирлар қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш самарадорлигини ошириш билан бирга, аҳоли томорқаларида ердан оқилона фойдаланиш, сув ресурсларини тежаш ва исрофгарчиликнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

2025–2026 йиллар давомида вилоят ҳудудида 7 та канал ва суғориш тармоқларини бетонлаштириш ҳамда капитал реконструкция қилиш режалаштирилган. Ушбу мақсадлар учун давлат бюджети ҳисобидан 54 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган бўлиб, бу 50 километрдан зиёд суғориш тармоқларининг сув ўтказувчанлик қобилиятини яхшилаш, йўқотишларни камайтириш ва сувдан самарали фойдаланиш имконини яратади.
Хусусан, Бувайда ва Учкўприк туманларидаги фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқаларини сув билан таъминлаб келаётган Картан канали маънан эскиргани сабабли катта йўқотишлар кузатилган эди. Ҳозирги кунда умумий қиймати 29 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида каналнинг 19,1 километр қисмида бетонлаштириш ва капитал реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Белгиланган ишлар жорий йилнинг биринчи ярмига қадар тўлиқ якунлангач, икки тумандаги 3 830 гектар суғориладиган майдонлар сув билан ўз вақтида, сифатли ва йўқотишларсиз таъминланади.

— Белгиланган вазифаларни сифатли ва ўз муддатида бажариш мақсадида объектда 30 дан ортиқ замонавий техника воситалари ҳамда 150 нафар ишчи ва мутахассислар жалб этилган, — дейди бош пудратчи «Фарғона меъмор қурилиш» МЧЖ иш юритувчиси Холмурод Собиров. — Лойиҳа доирасида бугунги кунга қадар қарийб 8 километр масофада ер текислаш ҳамда 2 километрдан ортиқ қисмида бетонлаштириш ишлари бажарилди.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг