Фарғона туманидаги олис маҳаллалар аҳолиси учун кенг қамровли тиббий кўрик ташкил этилди
Фарғона туманининг олис ҳудудида жойлашган «Шоҳимардон» ва «Ёрдон» МФЙларда жами 2130 та оилада 6 минг 600 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ушбу маҳаллалар аҳолиси учун муносиб турмуш шароитларини яратиш давлатимиз доимий эътиборида бўлиб, сўнгги йилларда инфратузилмани яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, таълим ва тиббиёт соҳаларида замонавий имкониятларни кенгайтириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилган навбатдаги тиббий кўрик давомида мазкур маҳаллалар аҳолиси кенг қамраб олинди. Касалликларни барвақт аниқлаш, аниқ ташхис қўйиш ва тиббий-профилактик суҳбатлар ўтказиш жараёнида 750 нафар фуқарога амалий тиббий ёрдам кўрсатилди.
— Айни пайтда ҳудуд аҳолисига малакали тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида 1 та оилавий поликлиника ва 2 та оилавий шифокорлик пункти фаолият юритмоқда, — дейди «Шоҳимардон» МФЙда жойлашган 64-оилавий поликлиника мудири Жасурбек Тиркашев. — Поликлиникамизда 2 нафар умумий амалиёт шифокори ва 2 нафар патронаж ҳамшираси меҳнат қилади. Бундай кенг қамровли тиббий тадбирлар биз учун катта амалий кўмак бўлади.

Тиббий кўрик давомида вилоятдаги ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг тор доирадаги мутахассислари иштирокида чуқурлаштирилган текширувлар ўтказилди. Натижада 54 нафар фуқаро вилоят марказидаги ихтисослашган шифо масканлари ҳамда Фарғона тумани тиббиёт бирлашмасига даволаниш учун йўналтирилди.
Жумладан, чақалоқ Шукрона Оқбўтаевада киндик чурраси бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказиш зарурлиги аниқланиб, Фарғона шаҳридаги вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасига йўлланма берилди.
Айни кунларда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида олис маҳаллаларда яшовчи аҳоли учун шундай тиббий кўриклар изчил ташкил этилмоқда. Бу эса аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва касалликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг