Фарғона политехника институтида япон тили маркази очилди

16:45 05 Октябр 2023 Жамият
530 0

Институтда Япониянинг “Willtec”, “Wat consulting” вa “Nippondo” компаниялари ҳамкорлигида “Япон тили ва япон технологиялари” маркази фаолиятини бошлади.

Марказнинг тантанали очилиш маросимида Япония компаниялари, институт мутасаддилари, ўқитувчи ва талабалар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, ушбу тадбирни Ўзбекистоннинг Япониядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов онлайн кузатиб борди ва ўз тилакларини билдирди.

Тадбир доирасида япониялик Машу Комазаки томонидан “Сунбула” қўшиғи ўзбек тилида ижро этилгани барчани ҳайратга солди. Ўз навбатида институт талабаларининг миллийлигимизни акс эттирувчи куй—қўшиқлари, “Оила” деб номланган қўшиқни япон тилида ижро этишгани йиғилганларга яхши кайфият улашди.

— Марказда Япониянинг йирик компаниялари учун малакали мутахассислар тайёрлаб бериш режалаштирилмоқда,—дейди ФарПИ ўқитувчиси, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Шоҳруҳ Давлатов. —Шу мақсадда марказда япон тили, замонавий техника ва технологиялар, IT соҳасида мукаммал билим берилади.

Маросимда марказ фаолиятини самарали ташкил этиш, талабаларнинг япон тили ва технологиялари бўйича икки йил мобайнида яхши таълим олишлари учун зарур ўқув қўлланмалар билан таъминлаш каби масалалар келишиб олинди.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер