Фарғона дунё мегаполислари билан бўйлашадими?
Фото: Халқ сўзи
Ер юзида ҳар жиҳатдан тараққий этиб, халқи учун тўкис ва фаровон ҳаёт тарзини яратган ривожланган мамлакатлар, уларнинг кўҳна тарих ва замонавийликни уйғунлаштирган мегаполис шаҳарларини ҳавас билан тилга оламиз. Париж, Лондон, Сеул, Токио... Бу рўйхатни ҳайрат ва ҳаяжон билан давом эттирамиз. Аммо мазкур шаҳарлар ҳам ўз-ўзидан мана шундай йирик мегаполисларга айланиб қолмагани, ҳар бири ўз кечмишига, тарихига эга экани кўп ҳам хаёлимизга келмайди.
Бугун тафаккуримиз, дунёқарашимиз билан бирга ҳаётга ва яшашга бўлган муносабатимизни ҳам ислоҳ қилиш борасида кенг қамровли эзгу ташаббуслар ҳаётга татбиқ этиляпти. Бу ўзгаришлар сайёрамизда, ён-атрофимиз ва она юртда кечаётган турфа жараёнларга тийрак нигоҳ билан қарашни ўргатяпти. Инчунун, мамлакатимизда олиб борилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар биринчи навбатда инсон қадрини улуғлашдек юксак мақсадга қаратилганини кўряпмиз, ҳис қиляпмиз.

Хусусан, янгиланаётган, Янги Фарғона тимсолида муҳташамлик, улуғворлик мужассам. Аввалги пастқам ва кўримсиз уйлар, эгри-бугри жин кўчалар, тор ва диққинафас йўллар суратлари энди тарих музейларидан экспонат сифатида жой эгаллайди. Ҳозирги кенглик, орасталик ва озодаликдан нафақат қалблар, балки кўчалар, йўллар, осмонўпар бинолар ҳам эмин-эркин, яйраб нафас олаётгандек гўё.
Яқин йилларгача беш қаватли уй қуриш учун рухсат олиш ҳам осон бўлмаган. Эндиликда Фарғонада 7, 9, 12, 16 қаватли уйлар қурилиши оддий ҳолга айланиб, ҳатто 20-25 қаватли уйлар қурилишига киришиляпти. Бу бўйича Жанубий Корея, Туркия тажрибаси асосида ноёб лойиҳалар ишлаб чиқилди. Аммо Фарғона кўрку қиёфасини яратишда жаҳоннинг қайсидир мегаполис шаҳридан шунчаки андоза олинаётгани йўқ. Фарғона табиати, иқлимига хос ландшафт архитектураси, миллий менталитетга монанд равишда бетакрор, малоҳатли мавзелар бунёд этилмоқда.
Фарғона шаҳрига ёндош ҳудудда 300 гектар майдонда – 40 минг аҳоли умргузаронлик қилишига мўлжалланган Экошаҳарда “Янги Ўзбекистон” массиви қурилиши учун тамал тоши қўйилди. Президентимиз топшириғи асосида яқин уч йилда ушбу ҳудудда Жанубий Корея тажрибаси бўйича 364 та – 7, 9, 12, 16, 25 қаватли уйлар қад ростлайди. Шунингдек, 70 гектар ерда “Янги Ўзбекистон” боғини барпо этиш мақсадида шу кунларда боғ ўртасидан оқиб ўтувчи канални қазиш ишлари ниҳоясига етказиляпти. Хориждан энг ноёб манзарали дарахтлар олиб келиб экилди. Югуриш, пиёдалар, велосайр учун мўлжалланган йўлаклар, ям-яшил хиёбонлар, мевали ва манзарали дарахтлар аллеялари ҳаётдан завқланиб яшаш туйғусини беради. Шундай қилиб, яқин уч йилда ушбу жойлар нақадар дилбар масканга айланишини тасаввур қилиш мумкин.

— Ҳозирда 60 та уйни қурувчи хусусий пудрат ташкилотлари аниқ бўлди, — дейди “Янги Ўзбекистон” массивида илк кўп қаватли уйга тамал тоши қўйилишига бағишланган тадбирда қатнашган Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров. — Ташаббускор тадбиркорларни жалб этган ҳолда жорий йилнинг ўзида юзта кўп қаватли уй қуриш режалаштириляпти. Шунингдек, массивда 1080 ўринли 2 та мактаб, 420 ўринга мўлжалланган 10 та болалар боғчаси, шифохона, кўп тармоқли поликлиника қурилади. Коммуникация тармоқлари қурилиши масъулиятини ҳам давлатимиз ўз зиммасига олди.
Янги массив ёнида 50 гектар ерда кичик саноат зонаси ташкил этилиб, айни пайтда 20 гектар майдонда 200 га яқин тадбиркорлик лойиҳалари бўйича ишга киришилгани бу ерга кўчиб келувчиларнинг бандлигини кафолатлаш масаласи ҳам эътибордан четда эмаслигини кўрсатади.
Таъкидлаш ўринлики, уй-жой қурилиши соҳасида сўнгги йилларда Фарғонада катта тажриба шаклланди. Ўтган йили Бағдод туманининг “Мурувват” МФЙда бошланган хайрли ташаббус мамлакатимиз раҳбари томонидан “Фарғона тажрибаси” сифатида бутун мамлакатимиз миқёсида оммалаштириш тавсия этилди. Атиги бир йилда мазкур маҳаллада 61 та 4 ва 5 қаватли уйлар қуриб битказилди.
2021 йил мобайнида Фарғона вилоятида хусусий пудрат ташкилотлари томонидан 6 минг 369 та хонадондан иборат 193 та кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилди. Бир йилда 6 мингдан зиёд оиланинг Ватан ичра кичик ватанли бўлгани қувончини тасаввур қилиш қийин эмас. Ота-боболаримиз азалдан уйли бўлган одамга бежиз “Ватанли бўлибсан!” дея таъриф бермайди.

Эътиборлиси, вилоят марказида кенг қулоч ёзаётган ташаббус ҳудудларда ҳам барчани ҳаракатга, ғайрат-шижоатга ундаяпти. Яқинда Ёзёвон туманида “Янги Ўзбекистон” массиви бунёд этиш ишлари бошланди. Эзгу мақсадга кўра, туманнинг “Юқори Сойбўйи” МФЙдаги 65 гектар майдонда 3856 хонадонли – 138 та кўп қаватли уйлар барпо этилади. Фарғона туманининг “Янги аср” МФЙ ҳудудида қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида эса 21 гектар ерга 56 та кўп қаватли уйлар жойлаштирилади. Ҳудудда 7 гектар ерда “Янги Ўзбекистон” боғи гуркираб яшнаши учун яхши ният билан илк ниҳоллар экилди.
— Вақт шиддат билан одимлаяпти, кутиб туришга вақт йўқ, — дейди Хайрулло Бозоров. — Шу боис жуда катта марраларни оляпмиз. Бундай улкан орзу-мақсадларни қисқа фурсатда тўлиқ рўёбга чиқариш осон бўлмайди. Лекин аҳил ва ҳамжиҳат бўлсак, барчасини уддалаймиз.
Бунёдкор эл – буюк эл. Эзгу ният билан уй қуриш, шаҳарлар бунёд этиш халқимизга хос эзгу фазилатлардандир. Фарғона аҳлини яратувчанлик ва бунёдкорликнинг улуғ қудрати рағбатлантириб, ушбу жараёнда шунчаки кузатувчи эмас, балки фаол иштирокчи бўлишга чорлаётгани эса айни ҳақиқат.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг