Фарғона давлат университети профессор-ўқитувчилари «Яшил» энергияни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда

23:29 11 Январь 2022 Жамият
1229 0

Бугун юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар шуни кўрсатмоқдаки, қайси соҳада қилинаётган ижобий ишларга қараманг, албатта, қувонарли натижаларга эришиш борасида соҳа вакиллари бир-биридан ўзиб кетмоқда.

Аҳоли сонини ортиши уларни электр энергияси билан ишловчи замонавий уй-рўзғор жиҳоз ва ускуналаридан фойдаланишнинг кескин ортиб бориши ҳамда эркин иқтисодий зоналарда саноат корхоналарининг йил сайин ошиб бораётганлиги сабабли уларни узлуксиз электр энергия билан таъминлаш ҳозирги куннинг долзарб масалаларидан биридир.

Президентимиз ташаббуслари билан электр таъминоти тизимини тўла ислоҳ қилиш мақсадида муқобил энергия манбалари – қуёш, шамол ва сув энергиясидан фойдаланишга катта эътибор қаратилмоқда. Шу жумладан, Фарғона давлат университетида ҳам «Яшил» энергияни ривожлантириш бўйича бир қатор илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

Университетнинг физика-техника факультети профессор-ўқитувчилари доцент Баҳодир Каримов бошчилигидаги ёш олимлар ва ихтирочилар томонидан университетда қуввати 50 кВт бўлган фотоэлектр станциясини ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу станциянинг қуввати ҳар соатда 50 кВт электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган бўлиб, бир суткада 1200 кВт электр энергиясини олиш мумкин. Бу эса 120 тонна углеводород захирасини тежашга олиб келади. Содда қилиб айтганда, ушбу мини станцияни ишга тушириш орқали 400 га яқин хонадонни электр энергияси билан таъминлаш мумкин бўлади.

Шу билан бирга, ҳозирги кунда хонадонларда балиқчиликни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар ва имкониятлар яратилмоқда. Университет олимлари томонидан балиқчиликда ҳосилдорликни 3-5 марта орттириш учун муқобил энергия манбалари – қуёш, шамол ва сув энергиясидан фойдаланиб, қуёш энергия асосида «автоном аэратор» технологияси яратилган. Ушбу лойиҳа доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда 200 млн. сўмлик инновацион шартнома тузилди. Ҳозирда ушбу ишланмани саноатга татбиқ қилиш бўйича тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, эркин оқимли сувлар учун қуввати 5-10 кВт/соат бўлган «Мини ГЭС»лар яратиш бўйича ҳам тажрибавий ва амалий ишлар ҳамда илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. 2022-2023 йилларда юқорида келтирилган ишланмалар бўйича умумий қиймати 3 млрд. 600 млн. сўмлик инновацион ва амалий лойиҳалар олиш кўзда тутилган.

Президентимиз томонидан илгари сурилаётган халқ хўжалигини ривожлантириш борасидаги ижобий ишларни амалга оширишда университетимиз профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар ўзларининг билим ва тажрибаларига таянган ҳолда «Яшил» энергетикани ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшадилар.

Қисқа қилиб айтганда, олимларимиз томонидан қилинаётган янгиликлар ва олинаётган натижаларнинг амалиётга қўлланилиши, халқ учун манфаат келтириши ва илм-фанни ривожлантириши бизнинг пировард мақсадимиздир.

Шароф ШУҲРАТОВ,

Фарғона давлат университети физика-техника факультети декани, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.

(Реклама ҳуқуқи асосида)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер