“Фаол ҳаётга қадам” дастури ногиронлиги бўлган болаларни қамраб олади
Қоракўллик педагог Музайям Холиқова ногирон фарзанди парвариши билан бўлиб, севимли касбидан узоқлашиб қолганди. Яқинда у яна педагоглик фаолиятига қайтди. “Фаол ҳаётга қадам” дастури бу ҳамюртимизга фойдали ижтимоий меҳнат билан шуғулланиш имкониятини яратди.
Гап шундаки, туманда фаолият юритаётган “Гуллар чеҳраси” масъулияти чекланган жамияти ташаббуси билан ўзгалар парваришига муҳтожлар учун махсус маскан ташкил этилди. Туман ҳокимлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар қўллаб-қувватлаши билан амалга ошган бу ижтимоий лойиҳа орқали кексалар ва ногиронлиги бўлган болаларга кундузи турли хизматлар кўрсатилади. Логопед, дефектолог, массажчи хизматлари шулар жумласидан. Муҳими, фарзандининг ишончли қўлларда эканидан кўнгли хотиржам тортган она ишлаб, рўзғорини тиклаб олиш имконига эга бўлади. Фаол ҳаётга қайтади.
Бухоро вилоятида шу дастур асосида жорий йилнинг 1 октябрига қадар салкам 90 нафар ногиронлиги бўлган болани худди шундай марказларга қамраб олиш кўзда тутилган.
Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг