“Фамилияни нотўғри ёзган бўлса, мен айбдорманми?”

14:58 25 Март 2019 Жамият
1529 0

Фото: Ҳакимжон Йўлдошев/«Халқ сўзи».

“Халқ сўзи ONLINE”. Раҳим Шерқулов/Тошкент. Муаммолар турлича. Мутасаддилар барчасини йўналишлар бўйича ҳал қилиш чораларини кўришмоқда.

Сергели туманилик Насиба Шоҳидова ҳам бир неча йиллардан бери пайсалга солиб келинаётган муаммосини ҳал қилиш ниятида адлия вазири Русланбек Давлетовнинг қабулга кирди.

— Мерос масаласи бўйича муаммоимни ҳал қиламан деб келдим. Уйимиз қайнотамнинг номида. У киши вафот этганига анча йиллар бўлган. Масала шундаки, уйни қайнотамнинг номидан турмуш ўртоғимнинг номига расмийлаштиролмаяпмиз. Сабаби қайнотамнинг исми ўша пайтдаги никоҳ гувоҳномасида Маҳамадалин деб ёзилган экан. Ўлим гувоҳномасида эса Муҳамадалин. Шу битта ҳарф нотўғри ёзилгани учун мен сарсонман. Фамилияни нотўғри ёзган бўлса, мен айбдорманми?

Қабулда адлия вазири фуқаро Н. Шоҳидованинг ушбу масаласини дарҳол ҳал қилиб бериш чораларини кўришини айтди. Мурожаатчи эса, адлия вазирлиги масъул ходимига зарур ҳужжатларни топширди.

— Масалам ижобий ҳал бўлаётганидан мамнунман, — дейди Н. Шоҳидова. — Сайёр қабуллар кўпчиликнинг йиллар мобайнида қийнаб келаётган муаммоларига ечим топишда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Бунинг яна давом эттирилишини истардим.

Сайёр қабулда ҳуқуқ-тартибот идоралари билан бирга, Президент Администрацияси вакиллари ҳам иштирок этмоқда.

Қабул давом этяпти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер