Етмиш еттинчи йилнинг наврўзи

09:55 26 Март 2026 Жамият
221 0

Ўша даврларда Наврўз байрами нишонланмасди. Миллий байрам сифатида қораланган бўлиб, у ҳақида эслаганлар ҳам қаттиқ сиқувга олинарди. Биз – Тошкент давлат университети журналистика факультетининг 2-ётоқхонасида яшовчи талабалари Наврўз байрамини нишонламоқчи бўлдик. Сурхондарёлик Сафарали исмли йигитнинг Сариосиёдан онаси пиширган сумалакни олиб келиб, ётоқхонага тарқатгани бунга туртки бўлди.

Ётоқхонадаги фаоллар зали байрамона безатилди. Йигитлар ош тараддудини кўрсалар, қизлар атлас кўйлакларини дазмоллаб, сочларини ўриб, айримлари майда ўрдириб, қошларига ўсма қўйиш кўйига тушдилар. Қош қораймай фаоллар зали ёшлар билан тўлиб-тошиб, ҳеч бир сценарийсиз тантана бошланди. Ўша кезлари ёш шоир ҳисобланган эндиликда ўзбегимнинг энг таниқли шоирларига айланган кўпгина талабалар баҳор ва ёшлик, муҳаббат ҳақидаги гўзал шеърлар ўқидилар. Авжга чиққан баҳри байт айтишувининг сира ниҳояси йўқдек эди. Лекин шу пайт факультетимиз декани қовоқлари солинган кўйи ёнида уч нафар ўқитувчи билан даврага кириб келди.

– Бу ерда нима бўляпти? – деди деканимиз.

– Наврўз байрамини нишонлаяпмиз, – жавоб қилди ёш шоирлардан бири.

– Бу байрам миллий байрам сифатида қораланганини билмайсизларми?

– Қўрқинчли ҳолат-ку, агар тегишли органларга бу гап етгудек бўлса, ҳаммамизнинг бошимиз кетади, – қўшилди факультет ўқитувчиларидан бири.

– Қани, ҳамма зудлик билан тарқалсин, – деди иккинчи бир ўқитувчимиз. – Агар суриштирув бўлиб қолса, ётоқхонада «Билимдонлар беллашуви» ўтказилди, деб расмийлаштирамиз.

Худди шу пайтда яна бир курсдошимиз қўлида ўзбекча-русча тақвим билан декан ёнида ҳозир бўлди.

– Домла, қаранг, тақвимда «21 март – Наврўз», яъни баҳор байрами деб белгиланган. Биз баҳорни қаршилаяпмиз, шеърият кечаси ўтказяпмиз.

Декан тақвимдаги ёзувларни ўқиб кўриб, кўнгли сал таскин топди шекилли, « Барибир тадбирдан олдин бизга хабар беришларинг керак эди», — дея бош ирғаб қўйди.

Талабалар кенгаши раиси ва бир гуруҳ фаол талабалар йиғилганларни тарқатиш кўйига тушдилар. Фаоллар зали чироғи ўчирилди. Ҳамма хона-хонасига қувилди. Ётоқхонада яшамайдиганлар қоровул назоратида кузатиб қўйилди. Ўқитувчиларимиз шу куни ётоқхонада навбатчилик қилдилар. Кейин маълум бўлишича, бир ўртоғимиз деканимизнинг уйига қўнғироқ қилиб, талабалар миллий байрамни яширинча нишонламоқдалар, деб хабар берган экан. Ўша даврларда «миллат», »миллий» сўзлари ҳам чўчиброқ тилга олинарди.

Сотқинлар, хушомадгўйлар ҳамма даврларда ҳам бўлган. Лекин улар ҳеч муродга етмаганлар. Миллий байрам деб қораланган Наврўз элимизнинг юрагидан сира ўчмади. Барибир бу санада момоларимиз сумалак қозонларини осавердилар, баҳорни соғинган халқ қир-адирларга чиқиб сайилларни давом эттираверди. Бу байрамни йўқ қилмоқчи бўлганлар сал хавотирга тушдилар шекилли, кўп ўтмай, Наврўзга «Навбаҳор» деб исм бердилар. Бу исм Наврўзга ёпишмади. Ахир, фаслнинг неча минг йиллик исмини ўчириб, халқ анъаналарини йўқ қилиб бўлармиди? Ўшанда байрамни қўрқа-қўрқа нишонлаганимиз сира хотирамдан ўчмайди.

Мустақиллик шарофати билан байрам ўз тусини олди, эъзозланди, мавқеига мос равишда – умумхалқ байрами мақомига эга бўлди.

... Ҳеч мушоҳада қилиб кўрганмисиз, нега одам ёзни, қишни, кузни эмас, фақат баҳор фаслини соғинади? Қора қишдан сўнг янгиланиш фасли, ҳақиқий янги йил келгани учунмикин? Олам гўзал рангларга бурканиб, борлиқ яшаргани учундир... Кишилар кўнглида янги орзу–умидлар жўш уради, атроф гўзаллиги қалбларга кўчади, барчанинг чеҳрасида баҳорий кайфият уфуради... Ёшларни, қиз-жувонларни айтманг, чолу кампирлар ҳам руҳан ёшаради бу фаслда. Бободеҳқонларнинг шашти ошиб, эл ризқу рўзини бунёд қилиш мақсадида ғайрат билан белларига қўш белбоғларини боғлаб, далалари томон шошадилар. Ҳамманинг ҳаракатида яратиш, баҳор гўзаллигига меҳнатлари ила гўзаллик қўшиш завқи мужассам. Элимизга ярашган ҳашарлар туфайли юртимиздаги барча гўшалар обод бўлди. Энди юртимизнинг ҳар бурчида қадимий ва навқирон суюкли Наврўз байрами шодиёна қилинади. Халқ сайилларида диллари яйраган ҳамюртларимиз яратганга шукроналар айтиб, шаҳар ва қишлоқларимиздаги ободчиликдан, янгиланишдан, бунёдкорлик ишларидан фахр билан «Келди навбаҳор фасли, сайр этинг гулистонлар», – дея алёрлар айтсалар, хўп ярашади.

Дилором ИСМАДИЁРОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер