Эски қалъа маҳалласи болалари янги боғчага қатнайди
Фото: "Халқ сўзи"
Янги йилнинг дастлабки кунлари Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги Эски қалъа маҳалласида яшовчи ёш оилалар учун қувончли кечмоқда. Бу бир жиҳатдан ҳудудда бўш турган бинонинг обдан таъмирланиб, мактабгача таълим ташкилотига айлантирилгани билан боғлиқ.
Буни алоҳида таъкидлашимиз бежиз эмас. Юртимиздаги барча ота-оналар сингари бу ерда истиқомат қилувчилар ҳам фарзандларининг замонавий шарт-шароитларда таълим-тарбия олишларини исташади.
Шу маънода вилоятнинг энг чекка гўшаларидан саналган бу манзилда 46 – давлат мактабгача таълим ташкилотининг кўркам бинода иш бошлагани айни муддао бўлди. 180 ўринли бу муассасада болажонларнинг мириқиб дам олишлари, машғулотлар ўтказишлари, овқатланишлари, дунёқарашларини кенгайтиришлари учун барча қулайликлар яратилган. Туманда шу каби янги таълим муассасаларининг ишга тушиши ортидан 3 – 7 ёшли ўғил-қизларни боғчаларга қамраб олиш қамрови 83 фоизга етди.
Умуман, вилоятда мактабгача таълим йўналишида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётгани ўз самарасини бермай қолмаяпти. Бугунга қадар мактабгача таълим ташкилотлари сони 2015 тага етиб, уларга салкам 153 минг нафар бола қамраб олинди. Бу борадаги кўрсатгич 2022 йилдагига нисбатан 8,2 фоизга ошди.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг