Эртага жисмоний тарбия ва спортни энг фаол тарғиб қилган корхона-ташкилотлар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тақдирланади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 январдаги «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 6-сон Қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан танлов ўтказиб келинмоқда.
Ушбу танловда ташкилотларнинг барча бўлинмалари миқёсида ташкил этилган соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини мунтазам равишда ўтказганлиги учун ҳамда аҳолининг кенг қатлами орасида оммавий спортни ривожлантириш, оммавий спорт тадбирларини ташкил этганлиги учун номинацияларида ғолиблар аниқланади.
2019 йил корхона ва ташкилотлар ўртасида ўтказилган «Ташкилотларнинг барча бўлинмалари миқёсида ташкил этилган соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини мунтазам равишда ўтказганлиги учун» номинациясида ғолиблик Тошкент вилоятининг “Maxam-Chirchiq” акционерлик жамиятига насиб этган бўлса, «Аҳолининг кенг қатламлари ўртасида оммавий спортни ривожлантириш, оммавий спорт тадбирларини ташкил этганлиги учун» номинацияси бўйича Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ғолиб, деб топилганди.
2020 йили ўтказилган танловда корхона-ташкилотлар ўртасида «Ўзбекистон темир йўллари» акционерлик жамияти ўз ходимлари орасида соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини мунтазам равишда ташкил этганлиги учун ғолибликка муносиб кўрилган бўлса, «Аҳолининг кенг қатламлари ўртасида оммавий спортни ривожлантириш, оммавий спорт тадбирларини ташкил этганлиги учун» номинациясида бу сафар Тошкент шаҳар Миробод тумани ҳокимлиги энг кўп овоз билан ғолибликни қўлга киритди.
Танлов ғолиблари «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишони ҳамда Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида пул мукофотлари билан тақдирланади.
Ғолибларни тақдирлаш маросими 2020 йил 17 декабрь куни, яъни эртага соат 16:00да «Зарафшон» концерт залида ташкил этилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг