Эрондаги уруш сабабли дунёда очлик ёқасидаги одамлар сони 360 миллиондан ошиши мумкин
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ижрочи директори Кристалина Георгиева АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий операциясининг салбий оқибатлари дунёда очлик ёқасида турганлар сонини 45 миллионга ошириб, жами 360 миллиондан кўпроққа етказишини маълум қилди. Унинг сўзларидан ТАСС иқтибос келтирмоқда.
Георгиева келажакда озиқ-овқатдан фойдаланиш имконияти янада ёмонлашиши мумкинлигини қўшимча қилди.
«Ташишларнинг чекланиши билан боғлиқ муаммолар туфайли яна 45 миллион киши очлик ёқасида қолади, натижада очликдан азият чекаётганларнинг умумий сони 360 миллиондан ошади. Ва бу муаммо вақт ўтиши билан ўғитлар нархининг ошиши ва етказиб бериш занжиридаги узилишлар туфайли янада оғирлашиши мумкин», — деди ХВЖ ижрочи директори.
Аввалроқ БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури ижрочи директори ўринбосари Карл Скау агар Яқин Шарқдаги низо июнь ойигача давом этса, дунёда очликдан азият чекувчилар сони 45 миллионга кўпайиши мумкинлигини айтган эди.
Скаунинг таъкидлашича, ҳозирданоқ бутун дунё бўйлаб 319 миллион киши озиқ-овқатнинг ўткир танқислигидан азият чекмоқда — бу рекорд даражадаги кўрсаткич бўлиб, атиги беш йил аввалгидан уч баравар кўпдир.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг