Ер узум, осмон узум…

17:03 22 Июль 2024 Жамият
246 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Элимизнинг ардоқли шоири Эркин Воҳидов «Узум» шеърида шундай ёзади:

Тоқи ишком мисли осмон,

Ҳар тараф юлдуз сочур.

Воҳ ажаб, бу не синоат,

Ер узум, осмон узум.

Дарҳақиқат, бугун Олтиариқ тумани узум боғларида ўзгача файз ва тароват, ўхшаши йўқ гўзалликнинг гувоҳи бўласиз. Ҳар ёнда мўл-кўлчилик, пешонасига райҳон тақиб, қўлида гулқайчи тутган боғбоннинг эрта кўкламдан буён қилган меҳнати бугун шарбатга тўлган боғларда ўз самарасини кўрсатмоқда.

Айни пайтда Олтиариқ туманида аҳоли томорқаси, фермер ва деҳқон хўжаликлари тасарруфида 4 минг 500 гектар узум боғи мавжуд. Шунингдек, 70 минг тонна сиғимга эга 85 та мева-сабзавот сақлашга ихтисослашган музлатгичли омборхоналар ташкил этилган. 67 та экспортёр корхона, 30 дан ортиқ логистика марказлари ҳамда 1 та мева-сабзавот сотишга мўлжалланган улгуржи бозор фаолият кўрсатяпти.

2023 йили туман иқтисодиётининг асосий драйверларидан бири сифатида 42,5 минг тонна узум экспорт қилинди. Экспорт географияси МДҲ давлатларидан ташқари, Эрон, Индонезия, БАА, АҚШ сингари мамлакатлар ҳисобига кенгайишига эришилди. Бу йилги режа эса янада юксак. Ҳозирда олтиариқлик миришкорлар томонидан етиштирилган маҳсулотлар пешма-пеш жаҳон бозорларига экспорт қилинмоқда.

«Хайрулло Баҳром Бойматов» кўп тармоқли фермер хўжалиги туманда узумчиликка ихтисослашган энг катта хўжаликлар сирасига кириб, бугунги кунда унинг тасарруфида 70 гектар узумзор бор. Ҳар гектар ердан 20 тонна узум ҳосили йиғиштириб олаётган хўжалик аъзолари тармоқни замонавий мезонлар асосида ривожлантиришга жиддий эътибор қаратаётир.

Узум боғи етмишда оилага бир гектардан бириктириб берилган бўлиб, ўртача 150 – 200 та доимий иш ўрни яратилган. Фермер хўжалигида узумнинг анъанавий навларидан ташқари, данаксиз, узоқ муддат сақлаш мумкин бўлган ва виночилик учун муҳим узум навларини, касалликларга чидамли, тупроқ ва иқлим шароитига мос ҳосилдор навларни кўпайтириш доимий эътиборда. Шунингдек, минг тонна сиғимга эга совуткичли омборхона ҳам ишга туширилган.

Олтиариқлик тадбиркорлар ташаббус билан бундан икки йил олдин «Fruit Siti» мева-сабзавотлар улгуржи бозори фаолият бошлади. 3 гектар майдонни эгаллаган ушбу бозор қишин-ёзин Фарғона водийсининг турли ҳудудларидан ташриф буюрувчи харидору сотувчилар билан гавжум.

— Бу ерда ҳар куни 500 – 600 тоннагача мева ва сабзавотлар харидорга етказиб берилади, шу мақсадда хорижлик ва маҳаллий тадбиркорлар учун барча шароитлар муҳайё қилинган, — дейди «Fruit Siti» МЧЖ раҳбари Аҳроржон Файзиматов. — Айни пайтда юртимиз мевалари Россия, Озарбайжон, Хитой, БАА, Қирғизистон, Қозоғистон каби давлатларга жўнатиляпти.

Мухтасар айтганда, Олтиариқ туманида боғдорчилик, хусусан, узумчилик кун сайин ривож топиб бораётир. Энг муҳими, соҳага маркетинг, замонавий ва илғор технологиялар кенг татбиқ этиляпти. Жаҳон андозлари даражасида мева-сабзавотларни саноат усулида қайта ишлаш ва экспорт салоҳияти юксалиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, аҳоли бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини оширишга ҳам хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер