Ер умуммиллий бойлигимиз ва фаровон ҳаётимиз асосидир
Халқимизнинг ерга бўлган муносабатини ўзгартирмас эканмиз, ундан самарали фойдаланиб бўлмайди. Чунки бугунги кунда ерларни қаровсиз қолдириш, шўр босиши ва коррозияга учрашига кўр-кўрона йўл қўйилмоқда. Бинобарин, ер умуммиллий бойлигимиз, фаровон ҳаётимизнинг муҳим асоси экан, ундан оқилона фойдаланиш борасида қонунларимизга ҳам ўзгаришлар киритиш вақти келди. Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан кенг муҳокама қилинган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Ер кодекси лойиҳаси ҳам шулар жумласидандир.
Шу ўринда Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифалари нималардан иборат деган савол туғилиши табиий. Ҳозирги ва келажак авлодларнинг манфаатларини кўзлаб ердан илмий асосланган тарзда, мақсадли, оқилона, самарали фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни, тупроқ унумдорлигини тиклаш, сақлаш ва оширишни, табиий муҳитни асраш ҳамда яхшилашни, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратишни, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ер муносабатларини тартибга солишдан, шу жумладан, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдан иборат эканлиги янги таҳрирдаги Ер кодексида ўз аксини топган.
Мисол учун Кодекснинг 18-моддасида Халқ депутатлари Кенгашларининг ер муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари белгиланган бўлиб, унда Халқ депутатлари Кенгашларига фермер хўжаликларига, шунингдек, қишлоқ хўжалик корхоналарига берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш, мақбуллашган фермер хўжаликларининг ер участкаларини олиб қўйиш ёки бошқа фермер хўжалигига ўтказиш, жисмоний ва юридик шахслар томонидан фойдаланаётган ва мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ваколати берилган. Бундан ташқари маҳаллий Кенгаш депутатлари маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини белгилаш бўйича материалларни ҳам тасдиқлайдилар.
Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси тегишинча туман (шаҳар) ҳокимлари, тегишинча вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қарорларига асосан берилган ер участкаларини олиб қўйиш ваколатига эга эканлиги ҳам кодексда белгилаб қўйилган.
Халқимизни Ер кодекси бўйича яна бир масала қизиқтириши мумкин. Бу Ўзбекистон Республикасида ердан фойдаланганлик учун ҳақ тўланиши билан боғлиқдир. Бу ҳақда гапирганда фойдаланишида, ижарасида, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалигида ҳамда мулкида ер участкалари бўлган юридик ва жисмоний шахслар ердан фойдаланганлик учун ҳақ тўлайдилар. Ер учун ҳақ ҳар йили тўланадиган ер солиғи тариқасида олинади, унинг миқдори ер участкасининг сифатига, жойлашишига ва сув билан таъминланиш даражасига қараб белгиланади. Ер солиғининг ставкалари, уни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Бир сўз билан айтганда, эндиликда янги таҳрирдаги Ер кодекси бугунги кунда ер билан боғлиқ бўлган муаммоларни ҳал этишда ва барча тоифадаги ерлардан унумли фойдаланишда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Барно Мирзамова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг