Энг улуғ, энг азиз байрам шукуҳи юрт кезмоқда
Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз йиллик тантаналари садоси етти иқлимга етди. Байрам шукуҳи ҳамон дилларда достон. Унинг кўнгилларга фараҳбахш туйғуларни бахш этувчи завқли дамлари янгиланаётган ўзбек қишлоқлари, овулу кентларида манзилма-манзил кезиб юрибди.
Ўзгараётган юртимизда ҳар куни мунаввар тонглар отмоқда, осмонимиз узра эзгулик нурлари таралаётир. Истиқлол — ҳамюртларимизнинг қулфи дилини, қалб хазиналарини очди, уларни ҳаётдан шукроналик билан улкан марралар сари отлантирди.
Бу йилги байрамнинг асосий қисми Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси асосида барпо этилган сўлим ва яшиллик оламига бурканган «Янги Ўзбекистон» номини олган муаззам боғда нишонланди.
Давлатимиз раҳбари тантанали маросимда нутқ сўзлаб, шундай деди: барчамизга аёнки, эл-юртимиз асрлар давомида озод ва эркин ҳаётни, адолатли жамиятни орзу қилиб яшади. Бу муқаддас мақсад йўлида жон олиб, жон бериб курашди, машаққатли синовларни мардона енгиб ўтди.
Президентимиз ушбу машаққатли йўлларни босиб ўтишда халқимиз иродасини ҳеч қайси куч енголмаганига эътибор қаратди, 1991 йил 31 август куни мамлакатимиз ҳаёти ва тарихида туб бурилиш ясаган сана эканини таъкидлаб, тарихий воқеа рўй берганини фахр ила тилга олди. Шу кундан эътиборан Ўзбекистон мустақил давлат сифатида дунё харитасида пайдо бўлди. Давлатимиз раҳбари босиб ўтилган синовли йўллар ва йиллар, кейинги даврда қўлга киритилаётган оламшумул ютуқларни аниқ мисолларда таҳлил қилиб берди. Бу ҳақда узоқ мушоҳада юритсак арзийди.
Нутқ ниҳоятда маъноли ва кенг қамровли жаранглади. Шуни англадимки, Янги Ўзбекистон шиддат билан ривожланмоқда. Халқимиз турмуш фаровонлиги ошяпти. Бунинг учун бор имкониятлар ишга солинмоқда. Мамлакатимиз юксалмоқда ва шунинг баробарида халқимиз, унинг дунёқарашию онг-тафаккури бирдек юксалиб бормоқда. Таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистон дунёга янгитдан очилмоқда.
Менинг эътиборимни тортган яна бир жиҳат бу — парламентга оид билдирилган фикр ва ишончдир. Маърузада Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат ва жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш, мамлакатни модернизация қилиш, бу жараёнда парламент сиёсий партиялар ролини, жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар амалга оширилаётганига алоҳида тўхталди. Демократиянинг асосий талаби бўлган инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, сўз ва виждон эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — деди давлатимиз раҳбари.
Бу борадаги ишлар ҳам нутқда ўзининг амалий ифодасини топди. Эътибор беринг, республикамизда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия қабул қилинган. Узоқ йиллик муаммо бўлиб келган мажбурий ва болалар меҳнатига чек қўйилди. Нутқда ўзимиз жуда кўп йиллар гувоҳи бўлиб келган яна бир жиддий масалага ҳам тўхтаб ўтилди. У ҳам бўлса, жигарранг паспорт билан фуқаросизлик тамғаси остида яшаб келаётган юртдошларимиз муаммоси эди. 2020 йилнинг ўзида 50 минг нафар ана шундай ватандошларимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилди. Ахир бу инсон, унинг қадр-қимматига олий муносабатнинг ёрқин ифодаси эмасми? Албатта, шундай бу жамиятимизда инсоннинг улуғланишидан дарак!
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев олиб бораётган оқилона сиёсат ва устувор ислоҳотларни, муродбахш кунларни ато этгувчи эзгу ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, халқимиз ва ватанимиз тақдирига дахлдор қонунларни ишлаб чиқишда мудом давом этади. Халқ вакиллари ўз сайловчилари манфаатлари йўлида ўз фаолиятини янада такомиллаштириб бораверади.
Қуйи палата вакиллари бу масъулиятни ҳам чуқур ҳис этади. Яқинда мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрами арафасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуридинжон Исмоиловнинг шу сана муносабати билан каттагина мақоласи эълон қилинди. Шу ўринда ушбу мақоланинг мазмун-моҳияти, теранлиги эътирофга лойиқлигини алоҳида қайд этиш жоиз.
Муаллиф бугун мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мисли кўрилмаган ва шиддатли ўзгаришлар ҳақида кенг мулоҳаза юритган. Унда, жумладан шундай сўзлар бор:
Бугун мамлакатимизда барча соҳадаги ислоҳотлар чуқурлашиб, демократик янгиланишлар ўзининг сифат жиҳатидан янги поғонасига кўтарилиб бормоқда. Энг муҳими, фуқароларимиз онг-тафаккурида кечаётган ўзгаришлар юртимизнинг қиёфасида инъикосини топмоқда. Бундай ўзгаришларнинг туб илдизи эса давлатимиз раҳбари илгари сурган Ҳаракатлар стратегиясида ва умуман, сўнгги беш йилда амалга оширилган кенг миқёсли ислоҳотлардан иборатдир, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Давлат ҳокимияти тизимида парламентнинг ролини кучайтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар депутатлар корпусидан янада фаол бўлишни, ўз фаолиятига янгича руҳ ва мазмун-моҳият олиб киришни тақозо этмоқда. Шу йўсинда депутатлар корпуси ислоҳотларнинг том маънодаги ташаббускори ва мададкори бўлиш учун бор салоҳиятини ишга солган ҳолда, ўз фаолиятини такомиллаштириб бораверади.
Ўзбекистондаги кўламдор ислоҳотлар шак-шубҳасиз, юртимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Буни нафақат замондошларимиз, балки дунёнинг етакчи сиёсатчилари ва давлат арбоблари ҳам мунтазам эътироф этиб турибди.
Биз депутатлар сайловчининг ишончини қозониш, унинг дарду ташвишлари билан яшаш ва мавжуд муаммоларини ҳал этишда камарбаста бўлишга аҳд қилганмиз. Депутатлар бугун халқ орасида. Улар ҳар ойнинг охирги ҳафтасида сайлов округида бўлиб, аҳоли билан мулоқотга киришмоқда, кенг миқёсда қулоч ёзган оламшумул ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини халққа етказиш йўлида тинимсиз изланмоқда.
Шу кунларда ҳам халқ вакиллари қишлоқ ва шаҳарларда бўлиб қайтишди. Юртимиз жамоли ўзгараётгани кишига завқ бағишлайди. Обод бўлаётган қишлоғу маҳаллалардаги манзаралар кишини ҳайратга солади. Кеча сайлов округларидан қайтдик. Одамлар ҳамон мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллик тантаналари кўтаринки руҳда ўтди, дея мамнуният билан гапириб, Президент маърузасидан бир олам таассуротлар олганини баралла айтмоқда. Тинчлик барқарор бўлсин, дейишмоқда улар. Ҳа, мен ҳам юртимиз осмони ҳамиша мусаффо, она заминимизда осойишталик бардавом бўлишини тилайман!
Президентимизнинг мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик маросимидаги нутқи негизини менинг назаримда тинчлик деган тушунча ташкил этди. Зеро, дунёда тиллар пайдо бўлиб, сўзлашув бошлангандан буён инсонлар ўзаро учрашганда ҳам, хайрлашаётган чоғи ҳам бир-бирларига аввало, тинчлик тилайди. Тинчлик, унинг қадри улуғ! Осойишталик бор жойда тараққиёт бир зум тўхтамайди.
Наврўз РИЗАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг