Эндиликда барча вазирлик, идоралар раҳбарлари «Эл-юрти умиди» жамғармаси стипендиатлари билан алоқа ўрнатади
Эндиликда барча вазирлик, идоралар раҳбарлари «Эл-юрти умиди» жамғармаси стипендиатлари билан алоқа ўрнатади. Мақсад — мамлакатимизда соҳа ва тармоқларни ривожлантириш учун ёш мутахассисларга иш шароитларини яратиб бериш, стипендиатлар билан доимий мулоқот ўрнатиш.
Ушбу форматдаги илк учрашув Жамғарманинг хорижда IT ва аниқ фанлар йўналишида таҳсил олаётган стипендиатлари учун ташкил этилди.
Мулоқотда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Хасанов, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов, «Эл-юрт умиди» жамғармаси раҳбарияти иштирок этди.
Даставвал ёшларимизнинг яшаш ва ўқиш шароитлари ҳақида суҳбатлашилди. Шундан сўнг, учрашув мақсади, соҳадаги долзарб масалалар ҳақида ёш мутахассисларга маълумот берилди. Тизимни ривожлантириш бўйича уларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди.
Ватани ва яқинлари соғинчи билан хорижда яшаб, таҳсил олаётган ёшларимиз ушбу мулоқот уларни хурсанд қилганини, Давлатимиз раҳбарининг эътибор ва ғамхўрлиги мотивация бераётганини таъкидлашди.
— Биз билим ва тажриба орттириб қайтган ёш мутахассисларимизни вазирлик ва тизим ташкилотларига ишга қабул қилишга тайёрмиз, — деди вазир Шерзод Шерматов. — Шунингдек, бугун сизлар билан тўғридан-тўғри алоқа боғладик ва ушбу мулоқот майдонимиз тизимни ривожлантиришда самарали бўлади.
Маълумот учун, эндиликда барча вазирлик, идоралар раҳбарларининг Жамғарма стипендиатлари билан тизимли равишда мулоқотлари ташкил этиб борилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг