Энди мактабнинг энг аълочи ўқувчилари ҳам стипендия олади

16:11 12 Сентябр 2019 Жамият
1574 0

“Халқ сўзи Online”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. Энди Мингтерак қишлоғидаги 49 - мактабнинг юқори синфларида таълим олаётган икки нафар энг аълочи ўқувчи ҳар чоракда 500 минг сўмдан стипендия оладиган бўлди. “Тасвирий ойина” ижодий уюшмасининг Сирдарё вилояти бошқаруви раиси Ҳакимжон Юнусов ўзи ўқиган мактаб учун ана шундай мукофот таъсис этди.

Яна унинг ҳомийлигида мазкур таълим масканида ўтган асрнинг эллигинчи, яъни Мирзачўлни ўзлаштириш йилларида бунёд қилинган Мингтерак қишлоғи ва мактаб тарихига оид музей ташкил этишга ҳам киришилди.

Эътиборлиси, мана 14 йилдирки, Ҳакимжон Юнусов ўқитувчилар ва ўқувчилар ўртасида ўз ташаббуси билан ташкил этилган 8 номинациядан иборат танловнинг ҳомийи ҳисобланади.Шунингдек, у ўқув даргоҳини тасвирий тарғибот воситалари билан жиҳозлашда ҳам қадрдон мактаби жамоасининг яқин кўмакчиси бўлиб келмоқда.

Маълумот учун. Жорий ўқув йилидан бошлаб Сирдарё вилоятида ҳафтанинг ҳар жумаси “Мактаб куни” деб белгиланди ҳамда вилоят бўйича “Энг яхши мактаб”, “Энг яхши мактаб директори”, “Энг яхши фан ўқитувчиси” номинациялари бўйича танлов ҳам ташкил қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер