Эълонда кўрсатилган нарх якуний тўхтам эмас – Мудофаа вазирлиги 30 млн сўмлик «тилла қопламали ручкалар» хариди бўйича баёнот берди
Бугун ўзбек сегментидаги ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида Мудофаа вазирлиги томонидан 30 млн сўмга харид қилиниши режалаштирилган 2та «тилла қопламали ручка»ларга оид хабар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти мазкур ҳолат бўйича «Халқ сўзи»га маълумот берди.
Унга кўра, Мудофаа вазирлиги раҳбарияти иштирокидаги хорижлик ҳамкорлар билан амалга ошириладиган протокол тадбирларини юқори савияда ташкиллаштириш ва Мудофаа вазирлиги нуфузини сақлаш мақсадида истиқболда халқаро миқёсдаги таниқли фирмаларнинг канселярия ашёларидан фойдаланиш режалаштирилган. Яъни халқаро тадбирларда Ўзбекистон Республикаси расмий вакиллари томонидан фойдаланиш учун қўлланиладиган ашёлар халқаро нуфузга лойиқ даражада бўлиши шарт, дея ҳисобланади.
Шу мақсадда мазкур турдаги маҳсулотларни етказиб берувчи маҳаллий тадбиркорларнинг таклифларини ўрганиш учун вазирлик ишлар бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Товар хом-ашё биржасининг махсус ахборот портали exarid.uzex.uz сайтига ручка харид қилиниши ҳақидаги эълон жойлаштирилган.
«Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, эълонда кўрсатилган нарх якуний тўхтам эмас, балки бозор қоидаларига кўра тадбиркорлик ва маҳсулот етказиб бериш билан шуғулланадиган корхона ва ташкилотларнинг маҳсулот ва нархлар бўйича барча таклифлари ўрганилади, танлов асосида якуний хулосага келинади. Худди шундай талабларга жавоб бера оладиган бошқа фирмаларга тегишли маҳсулотлар таклифи ҳам ўрганиб чиқилади.
Ижтимоий тармоқ фаоллари ва давлатимиз бюджети сарфига бефарқ бўлмаган барча юртдошларимиз билишини истардикки, ушбу маҳсулот вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан харид қилиниши кўзда тутилган.
Қўшимча маълумот сифатида: бугунги кунда Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий қисм, муассаса ва бўлинмалар қошида хўжалик ҳисобида фаолият юритувчи ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда ёрдамчи хўжаликлар (иссиқхона, балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик, боғдорчилик, экин майдонлари) мавжуд бўлиб, улар вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағларини шакллантирадиган асосий манбалар ҳисобланади», дейилади вазирлик баёнотида.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг