Электр тармоқлари объектларининг муҳофаза зоналарида ноқонуний қурилган 9 минг 57 та объект аниқланди
Жорий йилнинг шу даврига қадар Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзенергоинспекция” томонидан ўтказилган назорат тадбирларида электр тармоқ хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналарида ноқонуний қурилган 9 минг 57 та объект аниқлади.
Таъкидлаш керакки, ушбу муҳофаза майдонлари ҳудудида қурилган объектлар энг аввало инсонлар учун хавфли бўлиб, бундай қурилишлар тегишли махсус рухсатномалар орқали амалга оширилади.
Хусусан, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тасарруфидаги электр узатиш тармоқлари ҳудудида 8 минг 357 та, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ тасарруфидаги электр узатиш тармоқлари ҳудудида эса 700 та объект аниқланиб, белгиланган талаблар бўйича далолатномалар расмийлаштирилди.
Шунингдек, аниқланган 7 минг 636 та объект бўйича маҳаллий ҳокимликлар ва судларга ҳужжатлар тақдим этилган бўлиб, ушбу ноқонуний қурилишларни хавфсиз ҳудудларга кўчириш юзасидан иш олиб борилмоқда. Айни вақтгача 91 та объект хавфсиз ҳудудларга кўчирилди.
Эслатиб ўтамиз, муҳофаза зонаси – электр узатиш тармоғи бўйлаб четки симларидан ҳар иккала томонга вертикал текислик билан чегараланган ер майдони ва ҳаво бўшлиғидан иборат майдон. Мазкур ҳудудда уй, бино, иссиқхона ва ҳоказолар қуриш, ҳар қандай қурилиш ишларини олиб бориш қатъиян тақиқланади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг