Экстремизмга қарши курашиш — давр талаби

11:59 09 Май 2018 Сиёсат
4222 0
Фото: mayaksbor.ru

Айни пайтда дунёнинг турли минтақаларида халқаро терроризм ва экстремизмнинг янги таҳдидлари пайдо бўлаётгани бу борадаги профилактик фаолиятни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг биринчи даражали вазифаси сифатида янада кучайтириш зарурлигини тақозо этмоқда.

Шу маънода, хавфсизликка таҳдид солувчи вазиятларни бартараф қилишга йўналтирилган тизимли саъй-ҳаракатлар доирасида Ўзбекистонда экстремизм таҳдидининг олдини олиш, унга қарши курашиш ҳамда бартараф этишга қаратилган қонунларни қабул қилиш бўйича ишлар олиб борилаётгани мазкур мақсадларга хизмат қилади.

Шу кунларда парламент қуйи палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини экспертлар ва мутахассислар иштирокида биринчи ўқишда концептуал кўриб чиқиш учун тайёргарлик ишлари олиб борилаётгани бунга яққол мисолдир.

Президентимизнинг 2017 йил 15 июндаги тегишли фармойиши ижросини таъминлаш доирасида ишлаб чиқилган мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Қонунчилик палатасига киритилган.

Қайд этиш жоизки, ушбу қонун лойиҳаси экстремистик фаолиятга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, унинг асосий вазифалари экстремистик ҳаракатлардан шахс, жамият ҳамда давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, конституциявий тузумни ва давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг тинчлиги, миллатлараро ҳамда конфессиялараро тотувликни сақлаш ҳисобланади.

Қонун лойиҳасида “экстремистик фаолият” (“экстремизм”), “экстремист”, “экстремизмни молиялаштириш”, “экстремистик материал” тушунчаларига аниқ таъриф бериш, экстремизмга қарши курашишнинг асосий принциплари ва йўналишларини белгилаш кўзда тутилмоқда, экстремизмга қарши курашишни мувофиқлаштирувчи ҳамда амалга оширувчи давлат органлари ва уларнинг ваколатлари ифодаланаяпти. Экстремистик материалларнинг айланиши, шунингдек, экстремизмни молиялаштиришга йўл қўймаслик каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир.

Уни ишлаб чиқишда экстремистик ҳаракатлар учун жиноий-ҳуқуқий жавобгарлик чоралари назарда тутилган АҚШ, Дания, Германия, Нидерландия, Франция каби мамлакатлар тажрибаси ҳар томонлама таҳлил этилган, экстремизмга қарши курашиш тўғрисида махсус қонунлар қабул қилинган Молдова, Россия, Беларусь, Қозоғистон ҳамда бошқа давлатларнинг қонунчилиги қиёсий ўрганилган.

Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши, энг аввало, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашга, конституциявий тузумни ҳамда давлатнинг ҳудудий яхлитлигини муҳофаза этиш, фуқароларнинг тинчлиги, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, аҳолининг ҳуқуқий онги ҳамда ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, экстремистик ҳаракатларнинг ўз вақтида олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйишга, шунингдек, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш ҳамда умумэътироф этилган халқаро нормалар ва стандартларни амалга оширишга кўмаклашади.

Хулоса ўрнида айтганда, мазкур ҳужжатда фуқаролик жамияти институтларининг ҳам экстремизм ҳамда терроризмга қарши курашиш борасидаги профилактик тадбирларининг аҳамияти оширилмоқда. Айниқса, ёт ғоялар, ҳозирги замон таҳдидларига қарши самарали курашишни ташкил этиш, ёшларни дин ниқобидаги мафкуравий хавфлардан сақлаш ва бошқа долзарб масалаларнинг ҳуқуқий тартибга солиниши унинг нечоғли долзарблигини тасдиқлайди.

Акмал РАҲМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари 
қўмитаси раиси ўринбосари.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер