Экспортни ривожлантириш учун манфаатли ҳамкорлик

16:23 12 Сентябр 2019 Жамият
879 0

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқалар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бу хусусида “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки ҳада Ўзбекистон Республикаси Товар хомашё биржаси томонидан Россиянинг “Транскапиталбанк”имутасаддилари иштирокида ўтказилганматбуот анжуманида ҳам айтиб ўтилди.

Мазкур анжуман Президентимизнинг 2018 йил 20 декабрдаги “Экспортга кўмаклашиш ва уни рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида, “Экспорт йўналишида тузилган биржа битимлари бўйича ҳисоб-китоблари “ЎзРТХБ” АЖ, “Трастбанк” ХАБ ва “Транскапиталбанк” АЖ ҳамкорлигида тузилган лойиҳани амалга оширилиши” мавзусига бағишланди.

Тадбир 2019 йилнинг 30 майида Урганч шаҳрида бўлиб ўтган Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг биринчи йиғилиши қарори билан белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида икки мамлакат ўртасида маҳсулот экспортини кўпайтириш, биржа савдоси механизмларидан фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда янги маҳсулот бозорини ривожлантириш, миллий валютада ҳисоб-китобларни амалга оширишни йўлга қўйиш мақсадида имзоланган Меморандумга асосида ташкил этилди. Чунки унга кўра, Россия Федерацияси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида савдо-сотиқни амалга оширувчи хорижий мижозлар учун банкларнинг ўзаро вакиллик ҳисобварақлари орқали ҳисоб-китоб операцияларини амалга ошириш механизми жорий этилди. Хусусан, “Трастбанк” ва “Транскапиталбанк” ўзаро ҳамкорликда алоҳида инфратузилма яратганлиги ҳамда республика Товар хомашё биржаси учун “Транскапиталбанк”да АҚШ доллари, евро ва Россия рублида қўшимча вакиллик ҳисобварақлари очилди.

Шунингдек, валюта соҳасини тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий қилиш, республикада экспорт салоҳиятини оширишни рағбатлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи ва ички бозордаги рақобатдошлигини ошириш, мамлакатимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Анжуман давомида республика Товар хом ашё биржаси ва “Трастбанк” хусусий акциядорлик банкининг ўзаро муносабатлари, мижозлар билан ўрнатиладиган алоқаларнинг ўзига хос эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда банк ва мижоз ўртасида ўрнатиладиган ўзаро манфаатли ҳамкорлик натижалари юзасидан тақдимот ўтказилди.

Мазкур анжуман биржа ва банк вакиллари ҳамда Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиши, тадбиркорликни муваффақиятли ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиши, мижозларнинг биржа савдоларидаги иштирокида гаров депозитларини кредитлаши борасидаги муҳим шартларини амалга оширишда яқин мулоқот ўрнатиш учун кенг имконият яратди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер