Экспонатлар ҳақида энди смартфонингиз маълумот беради
Темурийлар тарихи Давлат музейининг ташкил этилганига 23 йил тўлди. Ҳозирги кунда унинг фонди Амир Темур ва темурийлар даврида илм-фан, маориф ҳамда маданиятнинг юксак даражадаги тараққиётини акс эттирган ноёб экспонатлар археологик топилма, ноёб қўлёзма ва тошбосма, нумизматика, меъморий қоплама, тош, шиша, сопол, металл, чинни, қурол-аслаҳа, каштадўзлик, заргарлик буюмлари, либос, ёғоч, геральдика, картиналар, миниатюра каби 18 та коллекцияга эга.
— Жорий йилнинг октябрь ойи ҳолати бўйича музейимизга 117 минг киши ташриф буюрди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Темурийлар тарихи Давлат музейи директори Хуршид Файзиев. — Шу йилнинг ўтган муддати давомида музейимиз турли давлатлардан ташриф буюрган 121 расмий делегацияни, 19 мингга яқин чет эллик сайёҳларни қабул қилди. Қувонарлиси, улар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бунда ҳар йили музейимиз фонди бебаҳо тарихий экспонатлар ҳисобига янада бойитилаётгани ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Мисол учун, ўтган йили Қуръони Каримнинг “Катта Лангар” нусхаси ҳам музей фондига қабул қилинди. Сомонийлар даврига оид ҳамда Мирзо Улуғбек номи билан Бухорода зарб қилинган мис тангалар, жорий йилда Тошкент вилоятидаги Кавардон, Шоҳруҳия ҳамда Хос ёдгорликларида олиб борилган археологик кузатув-қидирув ишлари натижасида топилган 33 та буюм музей фондидан ўрин олди. Бу нодир экспонатларнинг ҳар бири буюк тарихимиздан сўзлайди.
Муассаса фаолиятига замонавий технологиялар жорий этилмоқда. Жумладан, ташриф буюрувчилар эндиликда музей экспонатларини смартфон ёрдамида кўриши, улар ҳақида электрон маълумотлар олиши мумкин. Бунинг учун ўзларини қизиқтирган экспонатни махсус дастурга эга смартфон ёрдамида сканерлашлари кифоя. Шу заҳотиёқ ўша буюм ҳақида маълумотлар телефон экранида пайдо бўлади. Музей маълумот берувчиларига ҳам эҳтиёж туғилмайди.
Шаҳзод ҒАФФОРОВ
(«Халқ сўзи»).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг