Экилгани эмас, кўкаргани ҳисоб

19:03 19 Май 2022 Жамият
775 0

Фото: Иллюстратив фото

Ҳар йили баҳор ва куз мавсумида мамлакатимиз бўйлаб миллионлаб мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилади. Бу яхши анъана, албатта. Аммо ерга қадалган бу кўчатлар жойида илдиз отиб кўкариб кетдими? Парвариши билан кимдир шуғулланяптими?

Гапнинг очиғи, илгари мана шу жиҳатлар кўпинча эътибордан четда қолиб кетар ва бу ҳақида сўз очишдан тийилардик. Агар йиллар давомида экилган кўчатлар вақтида суғорилиб, агротехника талаблари асосида парваришланганда эди, аллақачон юртимизнинг асосий қисми яшилликка бурканган, ҳар қадамда боғ-роғларга рўбарў келмоғимиз тайин эди. Бироқ, аччиқ ҳақиқат шуки, экилган кўчатлар ҳисоби юритилиб келинди, холос.

Хоразм вилоятида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда масаланинг ана шу жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йил баҳор мавсумида 9 миллион 87 минг дона кўчат ва қаламчалар экилиб, белгиланган режа 100,3 фоизга бажарилди.

— «Яшил макон» электрон платформасига вилоят ҳудудида экилган барча мевали ва манзарали дарахт кўчатлари тўғрисидаги маълумотлар киритилди, — деди Хоразм вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Атабек Қиличев. — Махсус мобил илова орқали кўчатларнинг фотосуратлари, геолокациялари жойлаштирилди. Мевали ва манзарали дарахт кўчатларини парвариш қилиш ишлари учун жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган жами 480 нафар вақтинча ишсиз фуқаролар жалб қилинди.

Вилоят ҳудудида 2022-2024 йиллар давомида 124 гектар майдонда яшил боғлар ва 145 гектар майдонда яшил жамоат паркларини барпо этиш кўзда тутилган бўлиб, бугунги кунгача ушбу майдонларга 265 минг туп дарахт кўчатлари экилди. Вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманида биттадан намунавий «Экология кўча»лари ташкил қилинди.

Оролбўйи минтақасида жойлашган Хоразм шароитида ҳудудларни кўкаламзорлаштиришда энг асосий масала сув таъминоти билан боғлиқ. Шунга кўра экилган кўчатларни суғориш учун қариб 1,5 минг км узунликдаги канал ва ариқлар тозаланди, 118 та насос таъмирланиб, 46 таси янгидан ўрнатилди. 28 та ер ости суви чиқариш қудуқларида бурғилаш ишлари бажарилди. Кўчатларини вақтида суғориш ишларига шаҳар ва туманлар ободонлаштириш бошқармаларидан 128 нафар ишчи-ходим бириктирилди.

Яна бир эътиборга молик янгилик, Хоразм вилоятида Туркия билан ҳамкорликда «ин-витро» усулида ҳужайрадан кўчат етиштириш лойиҳаси амалга оширилди. Бу ерда энг сара навларга мансуб кўчатлар етиштирилмоқда.

— Лабораториямиз йилига 5 миллион дона интенсив усулда ривожланадиган кўчатларни етказиб бериш қувватига эга, — дейди туркиялик инвестор Айдин Лол. — Лойиҳанинг биринчи босқичида маҳаллий бозор учун кўчатлар етиштириш, кейинги босқичда эса уларнинг бир қисмини экспортга йўналтириш кўзда тутилган.

Янги кўчатларни экиш баробарида кўкка бўй чўзиб, барқ уриб турган дарахтларнинг ноқонуний кесилиши ҳолатларига йўл қўймаслик ҳам долзарб масала. Қонун ҳужжатларига мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатномалар Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари хулосаси асосидагина берилиши мумкин. Жорий йилда ноқонуний дарахт кесиш ҳолати бўйича Хоразм вилоятида 88 та ҳолат аниқланган бўлиб, шундан 87 ҳолатда маъмурий баённомалар расмийлаштирилган ва 114 миллион сўм жарима белгиланган.

Биз дўпписида сув ташиб бўлса ҳам дарахт кўкартиришга одатланган халқмиз. Зотан, муқаддас динимиз ҳам Ер юзини обод қилишга буюрган. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам кўчат экишга тарғиб қила туриб, бундай деганлар: «Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин» (Имом Бухорий ривояти).

Шундай экан, она сайёрамизда тириклик, ҳаёт бардавомлигини таъминловчи яшиллик оламини асраб-авайлаб, келажак авлодларга етказиш ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Одилбек Одамбоев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер