Душманни қуролсиз енгиб, ҳолландлар меҳрини қозонганлар қисмати ёхуд Амерсфортда дафн этилган 101 аскар ҳақида янги маълумотлар

14:23 27 Февраль 2020 Жамият
5935 0

Мамлакатимиз Президентининг ўтган йил 23 октябрдаги “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори тараққийпарвар дунё ҳамжамияти қаторида Ўзбекистон халқи ҳам 1941 – 1945 йиллардаги урушдакўрсатган мардлик ва қаҳрамонлик барча авлод учун улкан жасорат мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб,Ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш, уруш фахрийларига юксак эҳтиром кўрсатиш, унинг шаҳидлари руҳини шод этиш барчага бирдек қарз ва фарз эканлиги таъкидланган.

Мазкур қарорда халқимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлик ва матонати, юксак инсоний фазилатлари, қаҳрамон аждодларимизнинг номлари, шонли анъана ва қадриятларини абадийлаштириш, юртимизда инсон хотираси азиз ва муқаддас, қадри улуғ эканини таъкидлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадларини ўз ичига олган ғояни таъсирчан инновацион ечимлар асосида ифода этиш алоҳида таъкидланади. Хусусан, “Амерсфорт” концлагерида 1942 йил 9 апрелда фашистлар томонидан отиб ташланган 101 нафар ўзбек аскарининг фожиали тақдири, концлагердаги жаҳаннам азобига қарамасдан уларнинг инсоний ор-номуси ва ғурурини сақлаб қолганлиги, шу юксак маънавий жасорати билан Нидерландия халқида фашизмга қарши нафрат ҳиссини уйғотганлиги улкан намуна мактаби сифатида тарихдан ўрин олишга ҳақли эканлиги эътироф этилади.

Зеро, жисман асир олинса-да,  маънан маҳв этилмаган, қадди эгилса-да қалби енгилмаган ўзбек ўғлонлари матонати қаршисида фашизм қийноқлари ожиз қолган эди. Шу жиҳатдан 101 нафар ўзбек аскарларининг номига аниқлик киритиш, адолатнинг беназир тантанасидир. Боиси мазкур қирғинбаротда нафақат қўлда қурол тутган аскар, балки ўз иродаси билан тобе бўлмаган асир ҳам гитлерчилар чиркин ниятига барҳам берган эди. Уларнинг ҳар бирининг номи тикланмас экан, осиёликлар “untermenschen — чала инсон”, номсиз йўқотишга маҳкум, деган нацизм ғояси яшайверади.

Ёшлиги завол топган авлод

Қишлоғимизда Ҳайдархўжа Умаров деган киши бўларди. Урушда немислар томонидан асир олиниб, концлагер азобларини бошдан кечирган. Уруш тугагач, Қозоғистонда реабилитация уқубатларини ҳам тортиб, хўрликлардан қадди букчайиб қолган. Шу одам умрининг охиригача қишлоқнинг 5-6 чақирим пастидаги лойқага лалми қовун-тарвуз экиб, ҳашаратларни қарши заҳарли воситаларни трактору, самолётга юклади. Бошқачароқ айтсак, у меҳнатдан қочмас, меҳнатдан жирканмас, ёлғиз, одамлардан узоқроқ юришни маъқул кўрарди. Боиси, 1942 йилнинг 28 июлида Мудофаа халқ комиссарининг 227- “Ни шагу назад!” буйруғидан сўнг аскарнинг қўмондонлик рухсатисиз чекиниш отиб ташлаш билан жазоланиб, қандай шароитда бўлмасин асир тушиш хоинликка тенглаштирилган.Табиийки,асир тушган(олинган) кишилар узоқ йиллар жамиятдан,кейинчалик ҳам жамоатдан четроқда юришни афзал билганлар. Собиқ асирларнинг ҳам уруш иштирокчиси эканлиги, умрининг энг навқирон дамлари шу уруш туфайли завол топганлиги ҳеч кимни қизиқтирмас,Ғалабанинг, ҳатто кейинчалик Хотира ва қадрлаш кунларининг шонли саналарида ҳам уларни биров эсга олган эмас.

- Мамлакатимиз Президентининг мазкур қарорида илк бор урушда ўзбекистонлик аскарлардан 150 минг нафари асир тушгани, 50 минг аскар концлагерларда вафот этгани, 133 мингга яқин ватандошимиз бедарак кетганлиги қайд этилади, — дейди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Навоий вилояти бўлими раҳбари Жамолиддин Ҳамроев. -Ушбу ватандошларимиз ҳам разолат ва адолат қурбони бўлганлиги, айниқса 101 нафар ўзбек ўғлонининг матонати жаҳолатдан қуролсиз устун келганлиги давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган Ғалаба боғида ўз аксини топиши ва уларнинг номлари ҳам мангуликка дахлдор эканлиги бугунги ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдек олий мақсадларни ўзида мужассам этган.

Cаксон йил ўтиб тўкилган кўз ёш

Шу мақсадда Навоий вилояти ҳокимлигининг молиявий қўллаб-қувватлаши ҳамда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Навоий вилоят ҳудудий бўлинмаси, вилоят адлия бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган “101 ватандош изидан” экспедицияси Берлин, Штукенброк (Германия), Амстердам, Амерсфорт (Нидерландия) шаҳарларида бўлишиб, иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага ўз ҳиссасини қўшган ўзбек ўғлонлари шахсини аниқлашга қаратилган ўрганишларни олиб боришди.
 

Экспедиция Нидерландия сафари чоғида Амерсфорт шаҳридаги Лёздин қабристонида дафн этилган 101 нафар ўзбек аскари қабрини зиёрат қилиб,ушбу қабристонда дафн этилган нуроталик Саидқул Қаҳҳоров хонадонидан олинган тупроқ мангу ором олаётган аскар қабрига қўшилди.Шунингдек, Тошкент шаҳридаги Хотира хиёбони учун ўзбеклар дафн этилган ушбу қабристондан рамзий тупроқ ҳам олинди. Бу эса Нидерландия жамоатчилиги томонидан “75 йил ўтиб аскарининг қариндошлари келганлиги нақадар бахт, бу аскар ким?”, “оқ-қора тўртбурчак қалпоқ кийганлар ким? Булар қайси тилда гапиряпти?”-деган таажжуб уйғотиб, бу саволларга Ремко Рейдинг томонидан “Oezbeeks” жавоби қайтарилди.

Ремко Рейдинг нидерланд журналисти, тарихчи олим.У Россияда бир муддат яшаб, Амерсфорт(Нидерландия)га қайтгач,дўстидан шаҳардан нарироқдаги совет жангчилари қабристони ҳақида эшитиб қолади.

- Рейдинг қабристонга бориб,таажжубга тушади,гувоҳларни ахтариб, архивлардан материаллар тўплай бошлайди, — дейди экспедиция раҳбари Навоий вилоят ҳокимининг инвестиция ва инновация ишлари бўйича маслаҳатчиси Назиржон Жўраев. -Натижада қабристонда 865 нафар совет жангчиси дафн этилгани 101 нафар аскардан бошқа жасадлар Германия ёки Нидерландиянинг турли ҳудудларидан келтирилганини 101 аскар Амерсфортнинг ўзида отиб ташланганлигини аниқлашга эришади.

Улар урушнинг дастлабки ҳафталарида Смоленск остонасида асирга олинган, аксарияти Самарқандлик йигитлар, нацистлар томонидан оккупация қилинган Нидерландияга тарғибот ва ташвиқот воситаси сифатида фойдаланиш мақсадларида келтирилган. Яъни, нацистик ғояларга қаршилик қилаётган нидерландларга осиёча кўринишга эга бўлган бу аскарлар — “варварлар ва чала инсонлар” овқат учун бир-бирининг гўштини ейиш тайёрлигини кўрсатиш учун уч кунда оч, очиқ осмон остида, тиканли сим билан ўралган ҳудудда сақланган. Немис тасвирга олиш гуруҳи бу саҳнани суратга олишга тайёрланган. Ниҳоят нацистлар улар олдига нон ташлайди. Асирлардан бири нонни олади ва немисларни таажжубда қолдириб, қошиқ билан барчага тенг бўлади. Бошқалари сабр билан кутишади. Ҳеч ким урушмайди, аксинча баҳам кўришади. Аслида нацистлар кутган саҳна ҳолланд антифашистлари руҳини синдириши лозим эди. Бунинг акси уларнинг ҳафсаласини пир қилади. “Нон воқеаси” ҳикоясидан сўнг, қалбимиздаги ғурур ва ифтихор кўзларимиздан аччиқ ёш бўлиб оқарди. Шундай аждодларимиз олдида маънавий қарздор эканлигимизни ҳис этдик.

Улар шарафига хотира маросими

-Бизга Нидерландиядаги мусофир ҳамюртимиз ҳамроҳлик, шахсий автомашинасида ҳайдовчилик ва беғараз тилмочлик қилди, — дейди экспедиция лойиҳаси муаллифи Жонибек Шуҳратов. — Унинг ёрдами биланэкспедиция томонидан ушбу қабристонда дафн этилган ўзбек аскарлари тақдирига дахлдор янги маълумотларни олиш мақсадида архив ҳужжатлари ўргандик.
 

Архив ҳужжатларига кўра 1947 йил апрель ойида 101 нафар ўзбек аскари ўлими айбдорлари устидан суд жараёни бўлиб ўтган. Судда 12 нафар фашист СС аскарлари сўроқ қилинган. Уларнинг судда берган кўрсатмаларига кўра ўзбек асирлари концлагер коменданти Johan Stover ва Heinrich томонидан концлагерга 1941 йилнинг октябрь ойи, шанбасида олиб келинган. То сешанба кунигача очиқ майдонда сақланган. Johan Stover томонидан ўзбек асирлари билан мулоқотда бўлган концлагер ходимлари ва асирлар кечки 20.00дан 22.00гача тик оёқда турғизиб қўйилган. Уларга тиббий ёрдам кўрсатиш ман этилган. “Нон воқеаси” саҳнаси кутилган натижани бермагач эса асирлар қийноқларда сақланиб,шунинг оқибатида 24 ўзбек аскари вафот этган. 77 нафарини эса қатл этишга қарор қилинган.

1942 йил 8 апрель куни соат 21. 30га қадар умумий қабр қазилган. 9 апрель куни 9:30да концлагер ҳайдовчиси Karl Friedrich Tito ва Janson томонидан асирлар отиш учун ўрмонга олиб келинган.77 нафар ўзбек аскари СС зобити Heinrich, Berg, Deppner, May томонидан тўрт нафардан қўйилиб, отиб ташланган. Асирларнинг ўлганлигини СС зобити Deppner ва May текшириб, Den Hagg (Гаага) шаҳридан келган махсус СС аскарлар томонидан кўмилган. Миллати ўзбек аскарларининг бу матонати ҳолланд халқни лол этади, уларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром уйғотади. Натижада ушбу аскарларга алоҳида ҳурмат кўрсатилиб, 9 апрель куни Хотира маросими сифатида белгиланади. Урушдан кейин шу қабристоннинг ўзида махсус шон-шуҳрат хиёбони ташкил этилади ва мамлакат бўйлаб аниқланган 865 нафар қизил аскарларнинг жасадлари олиб келиниб, шу ерда қайта дафн этилади. Ҳозир бу аскарлар қатл этилган ўша жойда махсус ёдгорлик — Monument Koedriest ўрнатилган.

Экспедиция давом этади

- Бу асирларнинг шахсини аниқлаштирувчи маълумот жуда кам. Нацистлар 1945 йилнинг майида чекина туриб, лагерь архивига ўт қўйишган, дея давом этади Ж.Шуҳратов. — Икки эркак тасвирланган фақат битта фотосурат сақланиб қолган, лекин уларнинг ҳам исми ёзилмаган. Шунингдек, ҳолланд асири томонидан қўлда чизилган тўққизта суратдан иккитасида исми шариф ҳам ёзилган. Исмлар оҳангидан ўзбекларга хос. Бирида Кадиру Хатам, иккинчисида эса Муратов Зайер деб ёзилган. Аслида биринчи исм — Қодиров Ҳотам, иккинчиси — Муротов Зоир бўлса керак.

Архивда сақланаётган ҳужжатлар билан танишишимиз учун бор-йўғи икки соат вақт ажратилди. Шунга қарамай олиб борган изланишларимиз 75 йил мобайнида жамоатчилигимизга умуман номаълум бўлган кўплаб сирларни ойдинлаштирди. Мазкур маълумотларнинг аксариятига ҳали чоғиштириш орқали ойдинлик киритишимиз лозим ва шу важдан уларни ошкор этишга бироз эрта. Бироқ экспедиция иккинчи жаҳон урушида фақатгина Нидерландияда шаҳид кетган 101 нафар ота-боболаримиз эмас, бутун Европада мангу қолган неча-неча қаҳрамонларимизни излаш, уларнинг ҳақига ош тортиб, дуо қилиш, қабрларини обод тутаётган ҳолландларга халқимиз миннатдорлигини етказишдек маънавий қарзимизни узиш имконини берди. Шунингдек,илк маротаба Ўзбекистон тупроғини олиб, фашизмга қарши курашган 101 нафар ўзбек ўғлонлари, Собир Раҳимов, матонат эгаси Зулфия Зокированинг ўғиллари Муҳаммаджон ва Юсуфжон Холматовлар қабрини тавоф қилиш, ҳоки тупроғидан Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ғалаба боғи учун олиб келдик. Учинчидан, Ғалаба боғидаги ватан шаъни учун курашаётган ўзбек аскарлари манзараси, музей тўридаги деворда “Ҳар бир киши учун 125 гр” ёзуви остида сақланаётган бир бурда нонни кўрган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, бугунги кунни қадрлаш ва уруш даври билан ҳозирги кунни таққослашдек таъсирли бир тарбия сабоғи бўлди. – дея суҳбатга якун ясайди, Жонибек Шуҳратов.
 

Таъкидлаш жоиз, мазкур экспедиция апрель ойида Навоий вилояти ҳокими раҳбарлигида ҳамда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Навоий вилоят ҳудудий бўлинмаси, вилоят адлия бошқармаси ҳамкорлигида Нидерландияга иккинчи бор ташриф буюради. Мазкур ташрифда газетамиз ходими иштироки ҳам режалаштирилган. Шунингдек, экспедиция ўз фаолияти якуни билан ҳужжатли фильм ҳамда китоб ва туркум мақолаларни нашрга тайёрлашни мўлжалламоқда. Экспедиция аъзолари яқиндан кўмаги учун Ўзбекистон Республикасининг Белгия, Германия, Польша ва Россия давлатларидаги элчихонаси ходимларига ўз миннатдорлигини билдиради.

Темур ЭШБОЕВ,

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер