Дунё йўлларига туташган йўллар

15:37 05 Сентябр 2024 Жамият
355 0

Ғайрат ОТАЖОНОВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимиз тараққиёти, юртимиз янада обод бўлиши, аҳоли турмуш фаровонлиги бевосита автомобиль йўлларининг равонлигига боғлиқ, десак, муболаға бўлмайди. Чекка қишлоқлардан тортиб марказий шаҳарларимизгача, қай бир манзилга йўл олсангиз, аввало, унга элтадиган йўлларга қараб, бу маскандаги бунёдкорлик ишларига баҳо берасиз. Айниқса, тадбиркорлар ёки чет эллик инвесторлар лойиҳасини амалга оширишдан олдин, биринчи навбатда, ўша ҳудуддаги йўлнинг ҳолати билан қизиқади. Йўл яхши бўлсагина фаолиятини бошлашга киришади.

Президентимиз шу йилнинг 20 август куни Нукус шаҳрида тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқоти давомида “Қорақалпоғистон – Янги Ўзбекистоннинг муҳим дарвозаси”, дея эътироф этди. Қорақалпоғистонда тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратилаётгани, бу ҳудуд Европа бозорларига чиқиш учун ҳам қулайлиги айтиб ўтилди.

Ҳа, агар Тошкентдаги ишлаб чиқариш корхонаси Нукусда бўлса, ғарб давлатлари бозорларига маҳсулотларини чиқаришда 1200 километр масофа йўл қисқариши, бу йўл харажатлари ва вақтни иқтисод қилиши кўплаб тадбиркор ва инвесторларнинг қизиқишини оширмоқда.

— Республикамиздан ўтувчи А-380 “Ғузор — Бухоро — Нукус —Бейнеу” автомобиль йўлининг 964-1204 километр оралиғида реконструкция ишлари жадал олиб борилмоқда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Умрбек Матназаров. — Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 5 мартдаги 124-сонли қарори билан тасдиқланган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 383,4 млн долларни ташкил қилади. Ушбу йўлнинг Қўнғирот тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида 240 километр автомобиль йўлини 2 тасмали асфальт қопламали йўлдан 2 тасмали цемент-бетон қопламали йўлга ўтказиш назарда тутилган.

— Халқаро аҳамиятдаги йўлда реконструкция ишларини амалга оширишга чет эллик мутахассислар ҳам жалб этилганми?

— Албатта, ушбу йўл қурилишида Жанубий Корея ва Италия давлатларининг маслаҳат ҳамда консорциум компаниялари билан шартнома қилинган. Қурилишнинг 1-пакети Туркиянинг пудратчи “Пўлат йўл япи сан ве Тик СА” ва Озарбайжон “Норд Вест Констракшин” қўшма корхоналари томонидан олиб борилмоқда. Шунингдек, қурилишнинг 2-пакети Хитойнинг пудратчи “China Road and Bridge Corporation” компанияси билан 2021 йил 3 майда имзоланган шартнома асосида амалга оширилмоқда. Бугунги кунга келиб лойиҳа асосида А-380 автомобиль йўлининг белгиланган қисмиларида 25 см қалинликда цемент-бетон қопламаси ётқизилиб, ишнинг 96,68 фоизи бажарилди. Қарийб 3 йил давомида олиб борилган қурилиш, реконструкция ишлари яқин кунларда якунига етказилади.

— Қорақалпоғистон Республикасида неча километр йўл бор ва уларни таъмирлаш бўйича қандай тадбирлар амалга оширилмоқда?

— Қорақалпоғистон Республикасида жами 12 минг 318 километр йўл бўлиб, шундан 4 минг 191 километри умумфойдаланувдаги йўллар, 8 минг 128 километри ички йўллар ҳисобланади. Жорий йилда 2 минг 308 километр йўлларни, 27 та кўприкни таъмирлаш белгиланган. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 491,8 километр умумфойдаланишдаги автомобиль йўли жорий таъмирланиши режалаштирилган. Бугунги кунда 360,3 км автомобиль йўлида таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бунга 112, 1 млрд сўм маблағ ажратилган.

Президентимизнинг 2023 йил 25 декабрда қабул қилинган “2024 — 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мувофиқ, турли тоифадаги 6 та йўл объектларида қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган. Бунда халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларини реконструкция ва таъмирлаш ишларидан ташқари кўприк ва йўл соҳасидаги бошқа иншоотларни қуриш ҳам назарда тутилган. Ушбу қарор асосида Қорақалпоғистон Республикасида умумий фойдаланишдаги 41 километр автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ишларига 144,8 млрд сўм маблағлар ажратилган.

Жорий йилда А-380 "Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу” автомобиль йўлининг 698-753 км қисмини реконструкция қилиш ишлари доирасида 50 млрд сўм маблағ ажратилган бўлиб, 15 км йўл фойдаланишга топширилади. Шунингдек, мазкур йўлнинг 25 км қисмида қурилиш ишлари тез кунларда бошланади.

— Кейинги вақтларда юк ташувчи автотранспортлар меъёридан ортиқ юклар билан ҳаракатлангани туфайли йўллар муддатидан олдин таъмирталаб аҳволга келаётгани ҳақида эътирозли фикрлар кўп тарқалмоқда. Айтингчи, йўлларни сифатли ва узоқ муддат сақлаш борасида қандай амалий ишлар қилинмоқда?

— Юртдошларимиз ижтимоий тармоқлар орқали кузатаётган бўлса керак, бу борада тизимли ишлар бошланган. Мавжуд ва таъмирланган йўлларни сифатли ва узоқ муддат сақлаш мақсадида Қорақалпоғистон бўйича бугунги кунда 5 та жойда кўчма ва стационар тарозилар хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, Қорақалпоғистонда 2 та жойда, яъни А-380 автомобиль йўлининг 698 ва 753 км қисмларида замонавий ўлчов тарозиларини қуриш белгиланди. Эътиборлиси, мазкур тарозилар инсон омилисиз юк автомобилларини ҳаракат даврида уларнинг вазн ва ҳажм параметрларини автоматик равишда "WИМ" тизими орқали аниқлаш имконияти яратилади. Ҳозирда ушбу пунктларда қурилиш ишлари якунловчи босқичда бўлиб, тез кунда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Бу тарозилар, ўз навбатида, йўлларнинг узоқ муддат хизмат қилишига замин яратади. Сабаби йўлларимизнинг кўпчилиги, яъни 90 фоизи ҳар ўққа 7 тонна, 10 тонна мўлжалланган бўлиб, ҳақиқатда бугунги кунда юк ташувчи автотранспортлар ҳар ўқига 20-25 тоннагача юк ортиб ҳаракатланаётгани туфайли йўлларимиз муддатидан олдин таъмирталаб ахволга келиб қолаётгани сир эмас.

Бундан ташқари, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий йилда 3662 та йўл белгилари ўрнатилди. 1 368 км асфалт қопламасига йўл чизиқлари чизилди.

Ҳа, Қорақалпоғистонда йўл қурилиши соҳасидаги ўзгаришлар катта. Халқаро ва республика аҳамиятидаги йўлларда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, йўлларнинг йилдан-йилга равон ва сифатли бўлаётгани нафақат юртдошларимиз, балки мамлакатимизга ташриф буюраётган меҳмонлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Бир сўз билан айтганда, Қорақалпоғистоннинг равон йўллари дунё йўлларига туташмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер