Дунё бўйлаб ҳар йили 6 миллионга яқин инсон тамакининг зарарли таъсиридан вафот этади
Халқаро чекишдан воз кечиш куни ҳар йили ноябрь ойининг учинчи пайшанбасида нишонланади. Бу йил ушбу сана бугун – 19 ноябрга тўғри келди.
1977 йилда Aмерика саратон касаллиги жамияти (American Cancer Society) саратон касаллигига чалинганларнинг қайғули статистикасини ўрганиб чиқиб, биринчи марта Чекишдан воз кечиш кунини жорий этди. Кўп ўтмай, бутун дунё ушбу фойдали ташаббусга қўшила бошлади.
Халқаро чекишдан воз кечиш кунида ушбу зарарли одатнинг барча хавф-хатарларини эсга олиш мақсадга мувофиқ.
Никотин танадаги метаболик жараёнга халақит берувчи, миянинг фаолияти ва физиологик функцияларига таъсир қилувчи алкоголь ва бошқа психоактив моддалар каби одамда ўрганишни келтириб чиқаради. Шу тарзда тамакига жисмоний боғлиқлик шаклланади. Одам доимий никотин оқимига ўрганиб қолади. Тамакидан фойдаланиш тўхтатилса, ташвиш ва хавотир ҳисси пайдо бўлади. Бу жисмоний қарамликнинг сигналидир. Чекишга бўлган эҳтиёж овқатланишга бўлган эҳтиёж билан тенглашиб қолади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти чекиш таъсири остида организмда ривожланиши кучаядиган 25 дан ортиқ касаллик (юрак-қон томир, ўпка ва саратон) ҳақида хабар беради. Тиббий тадқиқотлар бўйича Британия Кенгаши олимларининг кўп йиллик тадқиқотида ўпка саратони ва миокард инфарктининг чекиш билан боғлиқлиги ҳақида жиддий илмий далиллар келтирилган. Юрак ишемик касаллиги ва инсультдан ўлим ҳолатларининг 70 фоизи чекувчи ва спиртли ичимликлар ичувчи одамларга тўғри келади. Статистик маълумотларга кўра, ҳар бир чекувчи ўз ҳаётини 18 йилга қисқартиради.
ЖССТ маълумотларига кўра, тамаки маҳсулотининг инсон организмига зарарли таъсиридан ҳар йили сайёрамизнинг 6 миллионга яқин аҳолиси вафот этади. Уларнинг 12 фоизи чекувчи бўлмаган (пассив чекувчилар)дир. Энг ачинарлиси, болалар пассив чекувчилар бўлиб қолмоқда. Яъни улар атрофидаги одамларнинг чекиши оқибатида тамаки тутуни аралаш ҳаво билан нафас оладилар. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳатто пассив чекиш ҳам одамда касалликка чалиниш, ногиронликка йўлиқиш ва ўлим хавфини оширади.
Чекувчилар зарарли одатдан воз кечиш ҳақида айниқса пандемия даврида жиддийроқ ўйлашлари лозим. Маълум бўлишича, чекиш оғиз орқали COVID-19ни юқтириш хавфини оширади. Бундан ташқари, зарарли одат туфайли ўпкаси зарарланган чекувчиларда коронавирус келтириб чиқарган пневмония қийинроқ кечади. АҚШ олимларининг фикрига кўра, чекувчилар орасида коронавирус билан боғлиқ оғир ҳолатлар чекмаганларга қараганда кўпроқ. Шунингдек, тамаки тутуни касалликка қарши иммунитетнинг бирламчи курашувчан жавобига сабаб бўлувчи интерферонларни блоклайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар қандай тамаки маҳсулотларини, шу жумладан фильтрли ёки енгил сигареталарни чекиш соғлиқ учун хавфли эканлиги ҳақида огоҳлантиради.
Дунёда тамакидан воз кечишнинг юздан ортиқ усуллари мавжуд. Психологларнинг таъкидлашича, чекишни ташлаш жараёнида энг қийини дастлабки уч кунни бошдан кечиришдир.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг