Дронлардан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик либераллаштирилмоқда

12:57 14 Ноябрь 2023 Сиёсат
168 0

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида ҳам “Айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарлик либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси қизғин кўриб чиқилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, мамлакатимиз ҳудудида учувчисиз учадиган аппаратлар, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларининг белгиланган тартибда мажбурий декларация қилинадиган транзитидан ташқари уларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш тақиқланган. Жазо чоралари қатъий белгиланган бўлса-да, ушбу тоифадаги жиноятлар сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Қонун ташаббускорлари шундан келиб чиқиб, жавобгарликни кучайтиришни таклиф қилмоқда.

Лойиҳага кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи норма билан тўлдирилмоқда. Шунингдек, Жиноят кодексининг белгиланган санкцияларига муқобил жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш каби жазо турлари киритилмоқда.

Фракция аъзолари учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда республика ҳудудига олиб кириш фуқаролар томонидан қонунчилик талабларини билмаслик оқибатида ҳам содир этилаётганига эътибор қаратди.

Хусусан, узоқ муддат чет эл ҳудудида яшаб қайтган фуқаролар ёки республикага биринчи маротаба кириб келаётган чет эл фуқаролари томонидан ҳам бундай мосламаларни олиб киришга тақиқ борлигидан хабари бўлмаслиги ҳам ҳуқуқбузарлик содир этилишига сабаб бўлаётгани таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, қонунчиликда белгиланган меъёрлар аҳолига тушунарли тарзда ифодаланиши ва масъуллар томонидан тушунтириш ишлари кучайтирилиши зарурлиги қайд этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер