Дори-дармон савдоси: беморга мададми ёки мўмай даромад

13:08 11 Ноябрь 2024 Жамият
540 0

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/“Халқ сўзи”. Иссиқ жон иситмасиз бўлмайди. Бундай пайтда шифокорлар тавсия этган дори-дармонлар жонимизга оро киради. Бугун олиму шифокорлар изланишлари натижасида ҳар қандай дардни енгиллатишга қодир дори-дармонлар яратилмоқда. Қолаверса, ҳозир зарур дори воситасини излаб ортиқча вақт сарфлашга ҳожат йўқ: Кўчада ҳар қадамда дорихона. Бинобарин, бир хасталикни даволашга мўлжалланган препаратларнинг ўнлаб турдаги муқобиллари мавжуд. Бироқ, уларнинг барчаси ҳам сифатлими? Нархи-чи? Касаллик билан курашиш самарадорлиги қандай?

Қаллоб “таъминотчи”лар

Маълумки, яқин вақтгача хориждан катта валюта эвазига келтирилган дори-дармон воситалари ва тиббий анжомларнинг аксарияти эндиликда ўзимизда, маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилмоқда. Эътиборлиси, уларнинг сифати ва хавфсизлиги тўлиқ кафолатланган.

Кейинги пайтларда дори воситалари савдоси билан шуғулланувчи айрим “тижоратчи”лар пайдо бўлдики, улар келиб чиқиши номаълум, хавфсизлиги кафолатланмаган, сифат сертификати ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган турли дори-дармонларнинг айланма йўллар орқали республикамиз ҳудудига олиб кирилиши ва сотилиши барчамизни жиддий ташвишга солади. Улар юртимизга келтирган ҳужжатсиз “мол”ларини ўзларига таниш бўлган “дорихона”ларга анчагина арзон нархда топширади. Бу ерда дориларнинг сифати ва таъсир кучи хусусида ўйлаб ҳам ўтирмай пештахтага қўйишади. Ваҳоланки, республикамизда дори-дармон савдосини ташкил этишнинг қатъий тартиб-қоидалари жорий этилган. Жумладан, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддасида қайд этилганидек, дорихоналар иши дорихона амалиёти учун хос бўлган стандартларга мувофиқ амалга оширилади. Уни бошқариш фақат олий маълумотли фармацевтик маълумотга эга шахсларгагина рухсат этилади. Барча дорихоналар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фармацевтик фаолият учун рухсат берувчи лицензиясига эга бўлиши, санитария меъёрлари ва қоидаларига жавоб бериши лозим.

— Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, давлат санитария назорати ходимлари билан ҳамкорликда чегара ҳудудларида жойлашган қишлоқлар аҳолиси ўртасида дори воситалари ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олиш бўйича тушунтириш ва тарғибот ишлари изчил йўлга қўйилган, — дейди вилоят божхона бошқармаси суриштирув ва маъмурий амалиёт шўъбаси инспектори Дилмурод Тўраев. — Ходимларимиз ҳам қўшни республикалардан яроқсиз дори воситалари кириб келишига чек қўйиш юзасидан барча чора-тадбирларни кўрмоқда. Шунга қарамай, божхоначилар кўзини шамғалат қилиб, “дори” савдоси билан шуғулланадиган кимсалар учраб турибди. Ҳушёр посбонларимиз жорий йилнинг ўтган даврида келиб чиқиши номаълум бўлган, сифати кафолатланмаган 5 миллиард 819 миллион сўмлик дори-дармон маҳсулотларининг мамлакатимизга олиб кирилишига йўл қўймади. Бироқ, айни кўрсаткичнинг ўтган йил шу даврига нисбатан 20 фоизга кўплиги ташвишланарли.

Хўш, ўйлаб кўрайлик, бундай тиббий препаратлар орасида қалбакилари йўқлигига ким кафолат беради?! Улар беморлар томонидан сотиб олиниб, истеъмол қилинса-чи? Шундоқ ҳам дард чекиб турган инсоннинг аҳволи баттар бўлиб, саломатлиги хавф остида қолмайдими?!

— Ошқозони жиддий касалланган беморни жарроҳлик йўли билан даволашга тўғри келди, — дейди наманганлик шифокорлардан бири. — Қандли диабети ҳам бор экан. Амалиёт олдидан қонидаги қанд миқдорини камайтирдик. Операция чоғида қўшимча дори воситаси зарур бўлиб қолди. Уни қўлладик. Беморнинг аҳволи яхшиланиш ўрнига у ҳушини йўқота бошлади. Биласизми, идишдаги восита биз айтган дори эмас, анча арзон бўлган глюкоза суюқлиги экан. У қўлланилгандан сўнг бемор қонида қанд миқдори яна кўпайиб, ҳолатни мураккаблаштириб юборган. Ана доришуносликдаги қаллобликнинг аянчли оқибати. Бу сингари воқеалар, масалан, яроқлилик муддати ўтган дори воситалари истеъмол қилиниши оқибатида ҳам юзага келган.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасига истеъмол товарларини олиб келишни такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимиз ҳудудида сотиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар мажбурий сертификатлаш рўйхатига киритилган. Бу жараённи амалга оширишнинг миллий тизими йўлга қўйилган. Юртимизга белгиланган тартиб асосида қонуний йўл билан кириб келган дори воситалари ва тиббий буюмлар тегишли идоралар томонидан таҳлил қилиниб, сертификатлаштирилади. Ноқонуний йўл билан келтирилган дори-дармонларга бундай сертификат берилмайди. Уларнинг дорихоналарда сотилиши тақиқланади. Савол туғилади: Унда белгиланган талабга жавоб бермайдиган дорилар қаердан сотувга келиб қолмоқда?

Жорий йилда Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси тез ёрдам бўлимининг фельдшери катта миқдордаги тиббий препаратни дорихоналарга тарқатиш учун олиб кетаётганда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари томонидан ушланди. Аниқланишича, у хонадонида яширин цех ташкил этиб, анаферон, зодак, витамин В6, хилак форте сингари дорилар ишлаб чиқарган. Андижон, Фарғона, Тошкент шаҳарларига етказиб берган. Наманган шаҳридаги хонадонлардан бирида ҳам шундай ҳолат аниқланди. Бу ердаги қўлбола дори цехида “Shifo oil” савдо белгиси остида тиббиёт воситалари, яъни турли хил ўсимлик ёғларини санитария ва тиббий воситаларни ишлаб чиқариш қоидаларига зид равишда тайёрланиб, қадоқлаб келинган.

Одамлар “дори”га ўрганиб қолмаяптими?

Сир эмас, кундан-кунга дори-дармон савдоси кенгайиб бормоқда. Одамлар овқат ўрнига дори истеъмол қилаётгандек. Уларнинг нархи муттасил ўсишда. Айниқса, шифохоналар ҳудуди ёки яқинроқда жойлашган дорихоналарнинг “кетмони учган”. Нархлар бошқаларга қараганда анча юқори. Дард чекиб турган беморнинг яқинлари пулига қараб турармиди, неча пул бўлса ҳам олади-да...

Намангандаги йирик тиббиёт муассасаси ҳовлисидаги дорихонадан харид қилишга тўғри келди. Сотувчи шифокор ёзиб берган рўйхатдаги дориларни тахлаб, пулини ҳисоблагичга ташлаб берди. 1 миллион 155 минг сўм бўлди. Дориларнинг ҳар бирини яна алоҳида-алоҳида бир мартадан ҳисоблаб беришини илтимос қилдик.

Кейинги ҳисоб-китоб натижаси 1 миллион 55 минг сўм чиқди. Бир зумнинг ўзида 100 минг сўмни уриб қоляпти. Илгари бу харидор ҳақидан уриб қолиш деб баҳоланар, айбдорга тегишли идорадан жазо бериларди. Афсус, бундай қинғирликлар бугун одат айланиб қолди. Дорихона сотувчиси ҳаттоки, “адашибман” дея узр сўрашни ҳам ўзига эп кўрмади. Шу жойдан донаси 170 минг сўмдан харид қилинган “Меронат” инфузион эритмаси нархини бошқа шохобчадан сўрадик. 149 минг 800 сўм экан. 56 минг сўмга олинган “Левон” препаратини шаҳар дорихоналарида 49 минг 800 сўм, деб айтишди. Наҳотки, бир-биридан унча узоқ бўлмаган шохобчаларнинг айни бир хил дори воситасига қўйган нархида шунча катта тафовут бўлса?!

Умуман олганда, жойларда тез-тез учрайдиган бу сингари ҳолатлар нархларни асоссиз равишда ошириш кўпчилик дорихоначилар учун одатга айланиб қолгани ачинарли. Тинмай реклама қилинаётган “Эссел форте” жойларда 75 мингдан 80 минг сўмгача сотилади. Бундан бир неча йил илгари уч минг сўм бўлган “Корвалол” томчиси тенг баравардан кўпроқ қимматлашиб, етти минг сўмга чиқибди. Нима дейишга ҳам ҳайронмиз.

Ижтимоий тармоқда Рақобат қўмитаси томонидан дори воситаларини улгуржи ва чакана сотиш фаолияти билан шуғулланувчи субъектларни ўрганиш натижалари эълон қилинган хабарга кўзимиз тушди. Жорий йилнинг саккиз ойи давомида Наманган вилоятидаги 44 та дорихонада ошириб сотиш орқали истеъмолчиларнинг 1 миллиард сўмдан ортиқ ҳақига хиёнат қилинган. Ваҳоланки, мамлакатимизда фармацевтика маҳсулотларини улгуржи ва чакана савдо орқали сотишда устама қўлланишнинг қатъий меъёрлари белгилаб қўйилган. Ҳар бир дорихонада бунга сўзсиз амал қилиниши шарт. Қолаверса, халқимизнинг “Инсоф сари барака”, деган ажойиб нақли бор. Ахир, биз қўшнисининг бошига дард келса, бир коса қайноқ шўрва кўтариб чиққан, Ҳаж зиёратига тўплаган маблағини унинг операциясига тутқазган элмиз-ку! Лекин, нафси ҳакалак отган айрим сотувчиларга қачон инсоф киради?

Бу соҳа дори-дармон етказиб берувчи ижтимоий объектми ёки бизнес субъекти. Амалда уларнинг аксарияти иккинчи тоифага ўтиб қолган. Бу жойларда ноқонуний хатти-ҳаракатлар, нархларни сунъий равишда баландлатиш бўйича рўй бераётган ўзбошимчаликлар фармацевтика соҳасининг мазкур йўналишига эътиборни янада кучайтиришни тақозо этади. Токи, мамлакатимизга қалбаки дори воситаларининг кириб келиши, нархларни ошириб сотилиши билан боғлиқ ҳар бир хатти-ҳаракат ўз баҳосини олсин. Бу ишда жамоатчилик назоратидан унумли фойдаланиш, хусусан, истеъмолчилар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кенг йўлга қўйиш орқали кутилган натижага эришиш мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер