Диплом учун эмас, билим учун курашадиган вақт келди!

Ўқишдан тўхтаган одам фикрлашдан ҳам тўхтайди, деган эди донишмандлардан бири. Бугун бу ҳикматнинг нечоғли ҳаётий ҳақиқат эканлигини атрофимизда рўй бераётган воқеалар мисолида ҳам кўриб турибмиз. Китоб тафаккур, маънавият, ахлоқ ва тарбия манбаи эканлигини, унинг инсон камолоти йўлида тутган ўрни ҳақида ортиқча гапиришнинг ҳожати бўлмаса керак.
Мамлакатимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш ва амалий натижага эришишда бир қатор ишлар қилинганлигини таъкидлаш жоиз. Бироқ ҳаёт ўзгариш ва янгиланишсиз турмайди. Шу маънода одамлар тафаккуридаги ўзгаришлар ҳамда ҳаётий талаб бу соҳадаги ишларни яна қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш лозимлигини тақозо этмоқда. Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида китоб ўқишни ҳар тамонлама ривожлантиради ва мазмунан бойитади. Пировард натижада саводли, ақлли ёшларимиз ва халқимиз Ўзбекистонни ҳамма соҳада энг илғор давлатлардан бирига айлантиради.
Ҳар қандай давлатнинг келажаги бу унинг маърифатли, ақлли ёшларидир. Бу аксиома, исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Билим олиш ҳозирги авлоднинг Ватан келажаги олдидаги қарзи ҳисобланади.
Бугунги мамлакатимиз шиддатли ва завқ билан ривожланиб бораётган кунда яхши диплом учун эмас, яхши билим учун курашадиган вақт келди!
Ишонч
Ҳар бир соҳада бўлгани каби китобни ҳам ишонч билан севиб ўқиш керак. Амир Темур бобомизнинг ишонч билан зиёлиларни қўллаб-қувватлашлари, илмни қадрлашлари, бир неча баробар кам сонли ҳарбийлари билан рақиблар устидан ишонч билан қилган ғалабаларини эсланг.
Китобни содиқ дўст деб билган машҳур сиёсатчи ва давлат арбоби Уинстон Черчиллга Англиянинг ҳарбий жараёнларини бошқариш берилганда, у гарчанд бу соҳада тажрибаси йўқ бўлишига қарамасдан ишонч билан “Бутун ҳаётим давомида мен мана шу ишга тайёргарлик кўрганман ва сўзсиз ғалаба қозонаман” деб бошлаган ва катта ғалабаларга эришган.
Синергия, синергетик эффект
1+1=5 ёки 8 десангиз ҳеч ким ишонмайди. Синергетик эффект шундан иборатки, бирорта яхши хабар, яхши воқеа, яхши қилинган ҳаракат, яхши қарор, яхши лойиҳа, хуллас,барча яхшиликлар жуда тез тарқалади. Тарқалганда ҳам арифметик эмас, геометрик прогрессия билан тарқалади ва кучли синергетик оқибатни келтириб чиқаради. Демак, бита яхшилик кўплаб яхшиликларга, хурсандчиликларга сабабчи бўлади ва занжирга уланиб давом этиб кетаверади. Буни — синергетик эффект, деб аташади. Синергетик эффект бирлашиб,катта кучга айланади. Мисол учун,бита чўпни ёки ходани синдириш осон, агар иккаласини бирлаштириб боғлаб синдираман десангиз, 5-8 баробар куч кўп кетади. Ана Сизга 1+1=5 ёки 8!
Китоб ўқиш ўрнига интернет клубларига бориш кўпайиб кетди. Ралли, отишмалар авж оладиган ўйинлар, даҳшатли мазмунсиз фильмлар ва ҳоказо... У ерда ўтиришнинг бир соати 2-3 ҳатто 5 минг сўмгача боради. Ота-оналар фарзандларининг шу мазмунсиз интернет клубига кетган 2-3 кунлик маблағига китоб олиб берсалар, бўлмайдими?
Шу маънода бугунги кунда китоб ўқиш ва унга муносабат бир қадар сусайгандек. Чунки ёшлар кўпроқ кино, видео, телевидение, компьютерга берилиб кетди. Компьютер ҳозирги кунда кўпгина хонадонларга ҳам кириб келган. Исталган янгилигу ахборотларни бу воситалардан хоҳлаганча олиш мумкин. Ачинарлиси, бутун китоб ўқиш учун вақт сарфлашга ҳожат йўқдек. Аслида, ҳеч бир ахборот воситаси, кино ёки видеофильм бадиий асар ўрнини босолмайди. Масалан, “Ўтган кунлар” романи асосида ишланган фильм қанчалик маҳорат билан суратта олинган бўлмасин, Абдулла Қодирий китобининг таъсирини, жозибасини беролмайди.
Мен шу ерда бир мисол келтираман: бундан 2 йил олдин Америкадаги Гарвард университетига физиология соҳаси бўйича илмий маъруза ўқишга чақиришди. Маълумки, мазкур университет дунё таълим ва фан рейтингида етакчи ўринда туради. Маърузадан кейин университетнинг профессори қайси бўлимларни кўришни хоҳлайсиз, экскурсия қиламиз, деб сўради. Мен кутубхонани кўрсатишларини сўрадим. Гарвард университетининг 80та кутубхонаси бор экан(медицина, табиатшунослик, адабиёт, ҳуқуқшунослик, геология, тарих, информатика ва бошқа соҳаларга бағишланган).
“Қайси бирига олиб кирайлик?” дейишди. “Мен энг каттасига”, дедим. Университетнинг энг катта умумий кутубхонаси 1000 ўқувчига мўлжалланган экан. Кутубхона зали бўйлаб айландик,тушлик бўлиб қолганига қарамасдан бирорта бўш жой йўқ. Ҳамма столда компьютер бўлишига қарамасдан, бирорта ўқувчи унга қараганини кўрмадик.
Ҳамма китоб ўқиб, конспект қилиб ўтирибди. Шунда сўрадим: “Бу ерда бирор ким компьютердан ҳам фойдаланадими?
Мезбон профессорнинг жавоби эса бизни ҳайратлантирди: “Компьютер билан уйида, ишхонада ва бошқа жойларда фойдаланиши мумкин, бу ер кутубхона — кутубхонада китоб билан ишлаш, ўқиш, зарур манбаларни топиш учун келган”, деди.
Китобни севганлиги ва қадрлагани учун Гарвард университети битирувчиларидан 75 нафари Нобель мукофотининг соҳиби бўлган. Дунёдаги миллиардер бойларнинг ярми унинг собиқ талабалари. АҚШнинг 45 Президентидан 12 нафари шу олий ўқув юртини тамомлаган...
Дарҳақиқат, китоб — буюк устоз! “Тушлик вақтини ўтказиб юбориш мумкиндир, аммо умрнинг энг мазмунли қисмини китоб ўқимасдан ўтказиб юбориш асло мумкин эмас”, деган АҚШ файласуфи Жим Ронн.
Зеро, биргина китоб ҳам одам ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин. Яъни бахт миллионлаб китоблар ичида руҳингизга мос китобни топа билишда.
Шунинг учун ҳам ҳаётда ўз китобингизни топмагунча асло тиниб–тинчиманг, таслим бўлманг.Минг чақирим масофага саёҳат эса биринчи қадамдан бошланади. Мутолаани ҳам худди шу каби бошлаш лозим.
Мутолаа учун вақт топиш керак — бу илм асосидир
Атроф-муҳитдаги воқеалар, ҳодисалар, шу жумладан, китоб мазмуни ва барча билимлар ҳам инсон мияси орқали қабул қилинади. Мия 15 ёшгача ўсади. Инсон 5 ёшгача ташқи муҳит ахборотларининг 70-80 фоизини олиб бўлади(иссиқ-совуқ, ота-она, ака-ука,ой, қуёш,тоғ, табиат, ҳайвонлар ва ҳ.к.).
Демак, 3-4 ёшга келиб инсон мияси физиологик жиҳатдан ўқишга, ҳарфларни жамлашга тайёр бўлади. Миянинг мана шу физиологик хусусияти ҳисобга олиниб кўп мамлакатларда 5-6 ёшдан, баъзи мамлакатларда 7 ёшдан 1-синфга борадилар.
Организмда нерв ҳужайраларининг тўртдан уч қисми мияда жойлашган. Бу тахминан 14 млрд. асаб ҳужайрасига тўғри келади. Миянинг катта-кичиклиги ақлий фаолиятга умуман алоқаси йўқ.
Шуниси қизиқки, бош мия ярим шарларидаги нерв ҳужайраларининг бор йўғи 2,5-3,0 фоизигина ақлий фаолият даврида ишлаб туради. Мана, сизга резерв. Бош мияга қанча юклама берилса, албатта, меъёри билан, унинг қабул қилиш қобилияти шунча ошиб боради. Инсон мияси тана умумий оғирлигининг 2 фоизини ташкил килади, оғирлиги тахминан 1,4 кг. Мия кучли компьютерга ўхшайди. У ҳар хил сигналларни қабул қилади — товуш, ҳид, фигуралар ва ҳоказо, уларни аниқлайди ва туркумларга ажратади, эслаб қолади. Миянинг эслаб қолиш қобилияти ҳар қандай компьютердан кучли.
Инсон мияси чексиз имкониятларга эга. Битта мисол: Лондон университетининг математика кафедраси талабаси 28 секундда 13 рақамли сонни 13 рақамли сонга кўпайтириб,аниқ жавоб айтган. Бундай мисоллар жуда кўп. Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган “Ёшликда берилган билим – тошга ўйилган нақш кабидир” деган мақолнинг физиологик асоси айни ҳақиқатдир!
Китоблар инсонларга ҳаётни қандай яхшилашни, тоза юришни, бир-бирига меҳрибон бўлишни, меҳнатни қандай севиш ва ўзгалар меҳнатини қадрлашни ўргатади. Яхши китоб ўқиган киши ўзини кучлироқ, ақллироқ, инсонпарварроқ сезади.
Маънавий озуқа — китоб. Китоб ўқимаган инсон ўзини маданиятли, маърифатли деб аташга ҳаққи йўқ. Яхши китобни ўқиб яхши, равон гапиришни, чиройли жумлалар тузишни ўрганасан. Китоб ўқиш — ақлни чархлаш демакдир.
Китоб сизнинг энг яқин дўстингиз, унга ишонинг. У керак бўлганда сукут сақлайди, керак бўлса сизга дунё эшигини очиб беради. Инсонлар китоб ўқимай қўйганда фикрлашдан ҳам тўхтайдилар. Китоб — энг яқин дўст. Ҳаётнинг оғир лаҳзаларида унга суянишингиз мумкин. У сизни ҳеч қачон сотмайди. Китоб қалбни ёритади, инсоннинг қаддини ростлайди, мустаҳкамлайди, ундаги эзгу ниятларни жонлантиради, ақлни ўткир, юракни енгил қилади.
Ҳар қандай давлатнинг келажаги — бу унинг маърифатли, ақлли ёшларидир. Бу олмос ҳақиқат. Билим олиш — ҳозирги авлоднинг Ватан келажаги олдидаги қарзи ҳисобланади.
Маърифатли, саводли инсонлар цивилизацияни белгилаб беради
Яхши диплом учун эмас, яхши билим олиш, китоб ўқиш учун курашадиган вақт келди, деб юқорида айтдик. Бош мияни ишлатиш, унга янги ғояларни келтириш учун ҳам китоб ўқиш, билим олиш кераклигини ҳам. Зеро, билим олиш — бахтсизликдан қочишнинг ягона йўлидир. Маърифатли ва маърифатсиз инсонлар ўртасидаги фарқ худди тириклар ва ўликлар ўртасидаги фарқ кабидир, дейдилар алломаларимиз.
Билимнинг кучи шундаки, уни сиздан ҳеч ким тортиб ололмайди. Умрида китоб ўқимаганлар қўпол, камбағал ва бахтсиздирлар. Нима ўқисанг ҳам ўзинг учун ўқийсан. Мактаб, коллеж, лицей, олий ўқув юрти учун эмас, ҳаёт учун ўқиш, билим олиш керак.
Инсон қалбига худди ерга ёмғир, сув қандай керак бўлса, китоб ўқиш ҳам худди шундай таъсир қилади. Она-Ватанни гуллатадиган — унинг ақлли фуқаролари ҳисобланади. Мамлакатнинг оқил, маърифатли, саводли инсонлари цивилизацияни белгилаб беради. Китоблар авлодлар ўртасидаги сирли кўприкдир. Китоблар ҳаётнинг энг яхши совғасидир.
Китобни инсон тафаккурининт қанотларига ўхшатишган. Зеро, тафаккури, фикр доираси кенг, маърифатли кишилар жамиятнинт чинакам бойлигидир. Аксинча, ҳаётда рўй бериб турадиган айрим нохушликлар илдизи эса маърифатсизлик, китоб ўқимасликнинг аччиқ меваси. Темирни занг кемирганидек, одамни ҳам маънавиятсизлик мўрт қилади. Маънавият эса инсонга китоб ўқиш орқали юқади.
Ҳар қандай янгилик ҳам бир кун эскиради. Бироқ инсониятнинт минг-минг йиллар давомида қўлга киритган ақлий ҳамда фикрий дурдоналарини ўзида жамлаган китоблар асло эскирмайди. Бинобарин, китоб ҳамиша илм-маърифат, одоб ва ахлоқ манбаи бўлиб келган. Бутунги кунда ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашда ҳам китобдан кўра қудратлироқ восита йўқ.
Китоб — ақл қайроғи
Хулоса килиб айтганда, инсоннинг маданияти, маънавияти унинг ўқиган китоблари орқали акс этади. Китобхонлик оиладаги муҳитга ҳам боғлиқ. Маърифатли оилаларда китобга эътибор фарзандлар тарбиясида қўлланилади. Китоб — инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир.
Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, мўътабар ва муқаддас деб ҳисоблаган. Шунинг учун китобга муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинт қон-қонига сингиб кетган. Китоб ўқиш жараёнида ўқувчи қаҳрамонлар билан бирликни ҳис қилади, уларнинг қувонч ва ташвишларига шерик бўлади.
Фамилиясини 3-4 та хато билан ёзадиган қатлам пайдо бўлди
Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб шу ўринда бир таклифим бор. Жонажон мамлакатимизда китобхонликни, китоб ўқишни ривожлантиришнинг энг муҳим тадбирларидан бири бу Ватанимиздаги барча олий ўқув юртлари, коллеж ва лицейларга кириш имтиҳонида иншо ёзишни тиклаш лозим. Иншо ёзаётган инсон, албатта, китоб ўқиган бўлиши кераклиги, саводхонлиги ҳам юқори даражада бўлишини ҳаммамиз тушунамиз. Ахир яқин ўтмишимизда биз ҳаммамиз мактаб битирув имтиҳонларида, олий ва ўрта таълим ўқув юртларига киришда қандай мавзуда иншо ёзганимиз билан фахрланиб юрар эдикку! Иншо ёзишни йўқотишгандан кейин, ўзингизга маълум, бошқа тамонларини қўяверинг, ўз фамилиясини 3-4 та хато билан ёзадиган (афсуски, бу чаласаводликка бефарқ ва бу билан фахрланадиган) қатлам ҳам пайдо бўлди.
Узоққа бормайлик, Россия Федерациясида ҳозирги кунда аҳолининг саводхонлигини ошириш учун барча олий ўқув юртларига кириш учун ягона давлат имтихонлари(ЕГЭ)да иншо ёзиш қонун билан муҳрлаб қўйилган. Бундан ташқари, РФда бир неча йиллардан буён мамлакат бўйича ягона диктант куни мавжуд бўлиб, бу куни ўқувчи, талабадан тортиб то вазиргача диктант ёзишади.
АҚШда ҳам мактаб битирувчилари, албатта, битирув ижодий иншоларини ёзишади. Ҳар бир штатда иншо ёзиб совринли ўринларни олган битирувчиларга турли туман мукофотлар берилади ва рағбатлантирилади. Масалан, 2017 йили Пенсильвания штатининг Питтсбург шаҳридаги “Shady Side Academy” мактабини аъло баҳоларга битирган ватандошимиз Азизжон Йўлдошевнинг ижодий иншоси мамлакатда совринли ўрин олгани учун Мартин Лютер Кинг мукофотига сазовор бўлди. Айнан шу мукофоти туфайли Азизжон Американинг 13 та олий ўқув юртига ҳужжат топшириб ҳаммасига грант асосида ва йиллик стипендия билан қабул қилинди.
Университетлар Азизжонга йиллик стипендияни 10 мингдан 30 минг долларгача таклиф қилишди. У Вашингтондаги “American University” университетининг бизнес факультетини танлади. Бу Университет жамоаси Азизжонни суҳбатдан ўтказиб талабалар орасида “лидер” (сардор) унвонини беришди.Ҳозир ватандошимиз ҳеч бир қийинчиликсиз 1-курсни аъло баҳолар билан битириб таътилга чиққан. Мана Сизга иншочнинг кучи!!!
Тадқиқотлардан маълум бўлишича, бадиий асар ўқиган одам ҳаётда ҳам бошқаларнинг ҳис-туйғуларини яхши тушунар экан. Эмори университети олимлари китоб ўқиган инсоннинг ақлий салоҳияти бир неча ой давомида юқори ҳолатда бўлишини исботлашди. Тадқиқот муаллифлари китоб ўқиш миядаги асаб толалари сонини оширишини таъкидлашмоқда. Статистика маълумотларига кўра, умуман китоб ўқимайдиган инсонларнинг 43 фоизи қашшоқликда яшайди. Саводли инсонлар орасида эса қашшоқликда яшайдиганлар 4 фоизни ташкил этади. Аниқланишича, китоб мутолаасини хуш кўрадиган болалар мактабда ҳам яхши ўқишади. Улар грамматикани ҳам, математикани ҳам яхши ўзлаштиришади. Демак, китоб доимий ҳамроҳингиз бўлса, ҳаётда асло адашмайсиз! Иншо ёзиш эса, яна бир бор таъкидлаймиз, китоб ўқишга, пировард натижада мамлакат аҳолисининг илмини, саводхонлигини, маданиятини, маънавий ва моддий бойлигини оширишга олиб келади.
Бакридин ЗАРИПОВ,
Академик, Нью-Йорк фанлари академияси академиги,
Жаҳон Физиологлар жамияти академиги,
биология фанлари доктори, ЎзМУ профессори.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг