Дезинфекция ишлари кўлами кенгаймоқда

12:20 20 Апрель 2020 Жамият
2408 0

Коронавирус пандемияси кириб борган дунёнинг 200 га яқин давлати бугун мазкур кўринмас душманга қарши уруш очган. Афсуски ҳозирча тожли вируснинг қўли баланд келмоқда. Дунё мамлакатларининг кўп сонли аҳолиси ушбу касаллик сабаб азият чекаётир, қурбонлар сони акс этган рақамлар ҳам киши кўнглига хавотир солади. Лекин психологларнинг таъкидлашича, пандемияга қарши курашишнинг энг самарали усулларидан бири ваҳимага берилмасликдир. Ана шунда касаллик сизга яқин йўлай олмайди. Бундан ташқари барчамиздан, бутун халқимиздан ҳушёрлик ва огоҳликни янада кучайтириш, юртимизда карантин билан боғлиқ жорий этилган барча тартиб-қоидаларга сўзсиз ва қатъий амал қилиш бўйича масъулиятни теран ҳис этиш талаб этилади.

Кузатиб гувоҳи бўлаётганингиздек, бутун дунёда, жумладан, республикамизда ҳам коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича мунтазам равишда муҳим чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ушбу глобал масалада барча тегишли идора ва ташкилотлар халқимиз соғлиғини ҳимоя қилиш учун ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётир. Кенг миқёсда ташкил этилаётган мазкур тадбирларда ҳарбий хизматчилар ҳам фаол иштирок этмоқда.

Мамлакатимиз Президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг махсус топшириғига биноан жорий йилнинг 20 апрелидан 20 май кунига қадар юртимиз бўйлаб Мудофаа вазири раҳбарлигида Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар вазирликлари ҳамда Миллий гвардия ҳамкорлигида ҳокимликларнинг ободонлаштириш бошқармалари ходимларини жалб этган ҳолда махсус тактик ўқув машғулотлари бошланди.
 

Ҳамкорликдаги мазкур махсус тактик ўқув машғулотларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад аҳоли кўп тўпланадиган жамоат жойлари, савдо марказлари ва бозорларда, шаҳар кўчаларида, кўп қаватли уйларда, маҳаллаларда, магистрал, асосий йўллар ва кўчаларда кенг масштабда дезинфекция ишларини олиб бориш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, фуқароларимиз хавфсизлиги, саломатлигини таъминлашдан иборатдир.

Пойтахтимизнинг барча ҳудудини қамраб олган мазкур кенг қамровли ҳамкорликдаги кўргазмали тактик ўқув машғулотига замонавий махсус техникалар, 50 га яқин автоқуювчи станциялар, 300 дан ортиқ дезинфекция аппаратлари ажратилди. Махсус тактик ўқувларини уюшқоқлик билан ўтказиш учун Мудофаа вазирлиги Радиацион кимёвий биологик муҳофаза қўшинлари ва Санитария эпидемиология назорат маркази, шунингдек, бошқа ҳамкор ташкилотларнинг етакчи мутахассисларидан иборат йиғма батальон тузилди. Асосий машғулотларга киришишдан аввал секторларга ажратилган мазкур йиғма батальон шахсий таркиби томонидан ҳудудларда дезинфекция ишларини сифатли олиб бориш бўйича зарур кўрсатма ва йўл-йўриқлар амалда намойиш этилди.
 

Машғулотлар давомида бутун дунё тажрибасидан келиб чиқиб, гипохлорит натрий, биоактив хлор, супер хлор, Жавил-Д каби дори воситалари аралашмасидан кимёвий суюқликни тайёрлашда эътибор қаратиш лозим бўладиган муҳим жиҳатлар ҳам инобатга олинмоқда. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мазкур кимёвий аралашма ўз таркибида 50 фоиз актив хлорни сақлайди. Бу эса, ҳеч шубҳасиз, барча турдаги зарарли вирусларни йўқ қилиш имконини беради.
 

Таъкидлаш жоизки, амалга оширилаётган бу каби саъй-ҳаракатларимиз ягона мақсадга қаратилган. Бу ҳам бўлса, халқимиз саломатлигини асраш. Ҳамкорликда олиб борилаётган тадбирларда Қуролли Кучлар тузилмаларининг ҳарбий хизматчилари ҳам тожли вируснинг оммавий тарқалиб кетиш хавфининг олдини олишда шифокорлар, санитария-эпидемиологик назорати мутахассислари билан елкама-елка туриб, халқимиз, юртдошларимиз соғлиги йўлида ўзининг матонати, жасоратини амалда намоён этмоқда. Албатта, ҳамжиҳатликда олиб борилаётган бундай саъй-ҳаракатлар мамлакатимизда COVID-19 эпидемияси устидан тезроқ ғалаба қозонишга, коронавирус инфекциясини тўлиқ яксон қилишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу махсус тактик ўқуви республикамизнинг барча ҳудудларида ҳарбий округлар қўмондонлари бошчилигида ўтказилади.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер