Деразани синдирган бола
Фото: Халқ сўзи
Муҳаббат ўзи эски нарса, аммо у ҳар қалбда янгиланади, деган экан донишмандлардан бири. Билимга, китобга ташналик туйғуси ҳам шунга ўхшаб кетади. Яхши асар ҳар бир юракда қайта кашф этилади. Кишини эзгуликка ошно қилади. Дунёга бошқача назар билан қарашга ўргатади. Руҳий озуқа беради.
— Баъзан киши шу эҳтиёжни сезмай қолиб, хатога йўл қўяр экан, — дейди танишим. — Биласиз, шаҳарда яшаяпмиз. Қишлоқдаги уйимизда китоб тўла жавон бор. Бир сафар айнан шу уйни беркитиб келибмиз, денг. Бувиси билан қолган ўғлим китобсиз тура олмайди. Зериккан. Китоб олиб ўқий деса, хона эшиги берк. Иложсиз қолгач, деразани синдириб, уйга киргану китоб мутолаасига шўнғиган.
Каттаю кичик бугун ижтимоий тармоқларга ипсиз боғланиб қолган замонда танишимнинг бу сўзларини эшитиб, очиғи, суюндик. Китобга меҳр қўйган шундай бола борлиги қандай яхши.
— Деразани синдирган ўғлимга танбеҳ бермадим, — дея давом этди у. — Негаки, хатолик мендан ўтган. Ахир китоб ўқиган кишидан ёмонлик чиқмайди. Шундай эмасми?
«Ўзимдаги барча эзгу хислатлар учун китобдан миннатдорман», деган адиб ҳақ. Таъкидлаганимиздек, бадиий асар кишига руҳий озуқа беради. Тафаккурни, дунёқарашни бойитади. Оқу қорани танитади.
— Болаларда китоб ўқишга иштиёқ уйғотишда ота-она, оила билан бир қаторда муаллимларнинг ҳам ўрни бениҳоя катта, — дейди ғиждувонлик кекса педагог Эгам Олимов. — Мен «Эртага олий ўқув юртида таҳсил олиб, етук кадр, хусусан, ўқитувчи бўламан», дея ният қилган ёшларга француз файласуфи Дени Дидронинг «Одамлар китоб ўқишдан тўхтасалар, фикрлашдан ҳам тўхтайдилар», деган сўзларини эслатмоқни истардим.
Ўнлаб ёшларнинг устози саналган муаллим бу ҳақида бежиз тўхталаётгани йўқ. Унинг айтишича, ҳатто айрим ўқитувчиларнинг билимлари хаминқадар. Фикрларини қоғозга туширишга қийналишади. Тумтоқ жумлалар тузишади. Бу китоб ўқимасликнинг асорати эмасмикан?!
Ҳузуримга «Шеърларимни кўриб берсангиз», деб мактаб ўқувчилари тез-тез келиб туради, - дейди маҳаллий нашрлардан бирида ишловчи ҳамкасбимиз. - Уларнинг интилишу иштиёқларини кўриб қувонаман. Маслаҳатлар бераман. Кўп китоб ўқинглар, дейман. Аммо машқлари оддий, жўн сўзлардан иборат бўлиб қолганини, ўқувчиларда ҳатто қофия, вазн тўғрисида тузукроқ тушунча ҳам йўқлигини кўриб адабиёт муаллимларидан хафа бўлиб кетаман. «Ўқитувчингга ёзганларингни кўрсатдингларми?» деб сўрасам, «Ҳа, яхши, дедилар» деган жавобни эшитаман. Шундай пайтда бу болаларга сабоқ бераётган адабиёт муаллимининг билимли, ўз касбининг фидойиси эканига шубҳаланиб қоласан, киши.
Дарҳақиқат, қўлида диплому бору, бироқ билими саёз муаллим ўқувчининг илмга ташналигини қондира оладими? Унинг қизиқишларини ўзи сезмаган ҳолда сўндириб қўймайдими? Танишимиз айтмоқчи, китоб ўқиш ниятида эшиги берк уйнинг деразасини синдириб ичкарига кирган болага ундай муаллим нима бера олади?!
Бу сўзларни ўқиган муаллимлар «Боғимизга тош отманг» дейишлари мумкин. Зеро, илмли, ўз устида қунт билан ишлайдиган, изланувчан, фидойи ўқитувчилар кўп. Улар меҳнати қадр топаяпти. Топади ҳам. Бироқ лоқайд, бадиий, илмий асарлар у ёқда турсин, ўз соҳасига оид газета-журналларни ўқишни ҳам хаёлига келтирмайдиган муаллимлар ҳам, афсуски, йўқ эмас.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг