Депутатларнинг жиддий эътирозларига нима сабаб бўлди?

02:16 06 Октябр 2021 Сиёсат
259 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган ишчи гуруҳи йиғилиши ўтказилди.

Тегишли соҳа вакиллари, депутатлар ва Адлия вазирлиги масъул ходимлари иштирок этган тадбирда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ва бошқа қатор муҳим масалалар муҳокама этилди.

Йиғилишда қўмита томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига қатор эътирозлар ва таклифлар билдирилди. Хусусан, қонун лойиҳасининг мураккаб ва тушунилиши қийин тарзда баён этилгани асосий эътирозларга сабаб бўлди. Чунки фуқаролар томонидан мазкур қонун лойиҳасини тушуниш ҳамда амалда қўллаш тушунмовчиликларга олиб келиши мумкин.

Шунингдек, “маъмурий тартиб-таомил” сўзи лойиҳанинг “Асосий тушунчалар” деб номланган 4-моддасида аниқ ва батафсил очиб берилмагани, яъни “маъмурий тартиб-таомил” сўзи аслида нима деган саволга лойиҳада аниқ бир жавоб йўқлиги қайд этилди. Қолаверса, қонун лойиҳасининг ўзбек ва рус тилидаги матнларида жиддий тафовутлар мавжудлиги, мазкур камчиликларни бартараф этиб, ҳар икки тилдаги матнларни бирхиллаштириш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Таклиф этилаётган лойиҳада амалдаги қонунда мавжуд бўлган бир қатор номувофиқликлар бартараф қилинган. Хусусан, қонуннинг 22-моддасига кўра маъмурий органнинг маъмурий иш иштирокчиси эканлиги маъмурий тартиб-таомил мантиғига тўғри келмайди, 62-моддасида эса 59-моддага хато ҳаволалар мавжуд. Ушбу камчиликлар эса янги таклиф этилаётган лойиҳада бартараф этилди.

Таъкидланишича, мазкур ҳужжатда назарда тутилаётган янги нормалар маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда ҳуқуқий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан ўртага ташланган саволлар очиқ қолгани қўмитанинг жиддий эътирозларига сабаб бўлди. Қатор масалалар кўриб чиқилгач, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига қонун лойиҳасини маромига етказишга доир бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш ишлари давом этмоқда.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер