Депутатлар видеоконференция форматида муҳим қонун лойиҳаларини кўриб чиқишди
Жамиятда адолат тамойиллари устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлаш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ёш авлод таълим-тарбиясига янада жиддий аҳамият қаратиш бугун мамлакатда кечаётган ислоҳотларнинг бош мезони саналади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан ушбу йўналишларнинг ҳуқуқий асосини такомиллаштиришга оид бир қатор қонун лойиҳалари атрофлича кўриб чиқилди.
Дори воситаларининг ноқонуний реализациясига чек қўйилади
“Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ги қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишдаги муҳокамасида қизғин фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Таъкидлаб ўтилганидек, инсон саломатлиги — бебаҳо бойлик. Айниқса, ҳозирги коронавирус пандемияси шароитида аҳолининг сиҳат-саломатлигини сақлаш, уларни сифатли дори воситалари билан таъминлаш муҳим вазифалардан саналади.
Ушбу ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларининг тегишли моддаларига ўзгартишлар киритилмоқда.
Чунончи, Жиноят кодексининг 1863-моддасига кўра, сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек, дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш бўйича жавобгарлик белгилаш кўзда тутиляпти.
Шу билан бирга, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки кўп миқдорда содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши таклиф этиляпти.
Муҳокамаларда сўзга чиққан депутатлар кўзда тутилаётган ўзгартишлар дори воситаларининг ноқонуний реализациясига чек қўйиш, айниқса, ёш авлоднинг соғлиғи ва келажагига салбий таъсир кўрсатувчи кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг нотиббий мақсадларда қўлланилишининг олдини олишда муҳим ўрин тутишини таъкидлашди. Шу мақсадда тегишли кодексларга кучли таъсир этувчи дори воситаларини рецептсиз берилганлиги ва бериш тартибини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кўзда тутилаётгани айни муддао.
Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда атрофлича кўриб чиқилди. Унинг аҳолининг соғлиғини сақлашдаги аҳамияти инобатга олиниб, депутатларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинди.
Айрим чекловлар бекор қилинмоқда. Нега?
Депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасида фикр билдириб, дастлаб уни қабул қилиш заруратига эътибор қаратишди.
Хўш, бу қайси жиҳатларга боғлиқ?
Халқ вакилларининг фикрича, аввало, маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, жазони ижро этиш тизимида шахсни ахлоқан тузатиш ва жамиятга ижтимоий мослашувини таъминлашда ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш мақсадида Жиноят-ижроия кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш заруратини юзага келтирди. Вояга етмаган маҳкумларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан учрашишга бўлган ҳуқуқига нисбатан чекловларни бекор қилиш йўли билан уларни қайта тарбиялаш зарурати пайдо бўлаётгани ҳам айрим сабаблардан бири.
Онлайн муҳокамаларда ушбу лойиҳа билан маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга оид назарда тутилаётган янгиликлар қизғин мунозараларга сабаб бўлди. Қайд этилганидек, бу ўзгартишлар, айниқса, тинтув жараёнида жисмоний куч ва махсус воситаларни асоссиз равишда қўлланилишига йўл қўймаслик, маҳкумларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Яъни инсон манфаатларини таъминлаш кафолатланади.
Маҳкумларни рағбатлантиришнинг адолатли мезонларини ишлаб чиқиш ҳам муҳим масала. Шу асосда рағбатлантириш чораларини қўллаш, вояга етмаган маҳкумларнинг ота-онаси ва уларни ўрнини босувчи шахслар билан учрашишга бўлган ҳуқуқига нисбатан чекловларни бекор қилиш, маҳкума аёлларнинг ўз фарзандлари билан учрашишининг алоҳида тартибини белгилаш ҳамда маҳкумларнинг учрашувлари ва телефон орқали сўзлашувлари сонини кўпайтириш ва учрашувларни алмаштириш тизимини ташкил этиш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ушбу жиҳатларга, сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар таклифларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қизғин муҳокамалардан сўнг, ушбу қонун қабул қилинди.
Ёш авлод тарбиясида масъулият кучайтирилади
Таълим ва тарбия бу авваламбор масъулият демакдир. Таълим соҳасида айни пайтда эътибор қаратилаётган жиҳат ҳам айнан шу. Ҳар томонлама етук, Ватан равнақи учун хизмат қиладиган авлодни тарбиялаш мамлакат келажагини белгиловчи муҳим индикатор.
Мажлисда депутатлар таълим-тарбия соҳасига тааллуқли қонун лойиҳасини ҳам қизғин муҳокама қилишди.
Таъкидлаб ўтилганидек, айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи мазкур ҳужжатни иккинчи ўқишга тайёрлашда сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар, шу билан бирга, соҳа, мутахассислари, олимлар фикрлари, таклифлари ўрганилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасида жавобгарлик назарда тутилмоқда. Хусусан, мазкур модданинг биринчи қисмида жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача, иккинчи қисмида — беш бараваридан ўн бараваригача, учинчи қисмида — ўн бараваридан ўн беш бараваригача, тўртинчи қисмда эса ўн беш бараваридан — йигирма беш бараваригача этиб белгиланяпти.
Онлайн муҳокамаларда сўзга чиққан депутатлар самарали таълим тизимини яратиш педагогик кадрларнинг жамиятдаги ўрнига бевосита боғлиқлигини таъкидлашди. Ўқитувчи мақомининг юқори нуфузга эга эмаслиги, унинг ҳуқуқий ҳимояланмагани ҳамда фаолиятининг дахлсизлиги кафолатланмагани таълим сифатини жаҳон стандартлари даражасига кўтаришга имкон бермаётгани айтиб ўтилди.
Шу боис, қонун лойиҳасида мазкур кодексни янги 1975-модда билан тўлдирилгани мақсадга мувофиқлиги қайд этилди. Аҳамиятлиси, янги модда бўйича маъмурий ишларни кўриб чиқиш масаласини маъмурий судлар ваколатига киритиш таклиф этилаётганидир.
Шунингдек, “Таълим тўғрисида”ги Қонун 301-модда тўлдирилмоқда. Унда педагогик ходимларнинг касбий шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимоясида эканлигини, шунингдек, педагогик ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга ҳамда хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаслигини белгилаш назарда тутилмоқда.
Депутатлар ушбу ҳужжатни моддама-модда, батафсил кўриб чиқишди. Қайд этилганидек, уни қабул қилиш натижасида ота-оналарнинг бола тарбияси учун масъулиятини кучайтиришга, ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеи ошишига ҳамда уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга эришилади.
Оилавий тадбиркорлик субъектларига қандай ҳуқуқлар бериляпти?
Аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг бизнес ғояларини амалга ошириш борасидаги ишларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси юртимизда оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини амалга ошириш ҳамда оилавий бизнесни келажакда ривожлантириш йўли билан оилаларнинг фаровонлиги ҳамда турмуш даражасини юксалтириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Аҳолининг даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланишига, оилавий тадбиркорлик ривожланишига ҳар томонлама кўмаклашиш, мазкур йўналишдаги ишларни такомиллаштириш ва тизимли ташкил этиш ушбу лойиҳанинг асосий мақсади ҳисобланади.
Қонун лойиҳаси билан киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар билан юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, оилавий тадбиркорлик субъектларига 3 нафаргача доимий ишчиларни ёллаш имконияти берилмоқда. Шунингдек, нотураржой бино-иншоотларидан фойдаланилганда коммунал тўловлар учун тўлов аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилиши белгиланмоқда.
Депутатларнинг фикрига қўра, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашда муҳим ҳуқуқий асос бўлади.
Зиёда АШУРОВА.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг