Депутатлар Ургут эркин иқтисодий зонасига ташриф буюрди
Маълумки, 2017 йилдан Президент ғояси асосида Ургут эркин иқтисодий зонаси фаолият бошлади. Яқинда давлатимиз раҳбари мазкур замонавий ишлаб чиқариш мажмуасига ташриф буюрди. Ургутлик тадбиркорларнинг ишига юқори баҳо берди. Янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўз таклифларини билдирди.
Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари Наврўз Ризаев ва Ғайрат Абдиевлар ушбу манзилда бўлиб, тадбиркор ва ишчилар билан суҳбат ўтказдилар. Халқ вакиллари Президент ташрифидан сўнгги ўзгаришлар, янги лойиҳаларнинг жорий этилиши билан боғлиқ жараёнларни ўргандилар. Бугун корхоналарда ўзгача кайфият кезиб юрибди. Давлат раҳбари билан ўтган мулоқотдан куч-қувват олган ургутлик ишбилармонлар ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш ва янги иш ўринларини кўпайтириш бўйича инновацион йўналишларда изланишларни бошлаб юборганликларини таъкидлашди.
— Бир пайтлар бу тоғ бағридаги қирлик ва текисликлар қақраган саҳро мисоли кўринишга эга эди, — дейди Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Наврўз Ризаев. — Болалигимизда шу ерларда юрсак оёғимизни тошу янтоқлар ёриб ташларди. Энди қаранг, Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг шахсан ташаббуси билан мўъжизавий воқеалар рўй берди. Қатор саноат маҳсулотлари ишлаб чиқараётган қувватлар, минглаб янги иш ўринлари. Бу кейинги 4 йилдаги оламшумул ўзгаришлардан дарак. Уларни бир пайтлар тасаввуримизга ҳам келтирмагандик. Биз Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу каби эзгу ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз. Ахир, бу ислоҳотлар аввало, халқимизнинг фаровон турмушини таъминлаш ва мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда «Ургут» эркин иқтисодий зонасида қиймати 402 миллион АҚШ долларидан зиёд 84 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шу пайтгача 313 миллион АҚШ долларилик 55 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, ҳудудда бир қатор саноат корхоналари иш бошлади ва уларда 4,5 минг нафарга яқин киши меҳнат қиляпти. Ушбу корхоналар томонидан газ плиталари, енгил саноат ва чарм-пойабзал товарлари, гиламлар, гигиена воситалари, электр техникаси буюмлари каби 220 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. 2020 йилда 1,2 триллион сўмлик маҳсулот тайёрланиб, 30 миллион АҚШ долларилик экспорт қилинган.
Ургут эркин иқтисодий зонасининг Сариқтепа массиви ҳозирда кичикроқ бир шаҳарча кўринишини олди. Уч-тўрт корхона ишлаб турган Мерганча массивида ҳам ҳозир бўш жойнинг ўзи қолмади. Ҳаммаёқ саноат корхоналари билан тўлди. Иқтисодий зонага ажратилган Пастдарғом туманининг Дўстлик, Нурободнинг Сазағон, Самарқанд шаҳрининг Хишрав-2 массивларида ҳам замонавий ишлаб чиқариш корхоналари фаолият олиб бормоқда. Яна 29 та лойиҳа бўйича қурилиш-монтаж ишлари олиб бориляпти. Бундан ташқари, қиймати 144 миллион АҚШ долларилик 21 та қўшимча лойиҳа шакллантирилган, 33 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш ҳамда айни пайтда 60-70 фоизни ташкил этаётган маҳаллийлаштириш даражасини янада ошириш кўзда тутилган.
— Иқтисодий зонанинг юзага келиши Ургутнинг нуфузини янада юксалтирди, — дейди Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Ғайрат Абдиев. — Ҳозир туманимизда 300 га яқин корхона бор. Уларнинг аксарияти Ургут эркин иқтисодий зонасида. Мен бу тадбиркорларнинг кўпчилигини яхши танийман. Бир сўмдан бизнес бошлаган ёшлар бугун катта бир ишлаб чиқариш тизимини бошқаряпти. Маҳсулоти хорижники билан рақобатдош. Асосан, экспортбоп товарлар эканлиги муҳим аҳамиятга эга.
Давлатимиз раҳбарининг Ургут туманини тўлиқ эркин иқтисодий зонага айлантириш ҳамда вилоятнинг барча ҳудудларида эркин иқтисодий зона филиалларини очиш ҳақидаги ташаббуси ва иқтисодий зона негизида холдинг компаниясининг ташкил этилиши келгусида Ургутни саноатни ривожлантиришга ихтисослашган инновацион ва инвестицион туманга айлантиради. «Ургут» эркин иқтисодий зонаси ва унинг филиалларида полиэтилен маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш лойиҳаларига 500 миллион АҚШ доллари, электротехника саноати лойиҳаларини амалга ошириш учун 250 миллион АҚШ доллар жалб этилади. Ишлаб чиқилган 144 миллион долларлик 21 та лойиҳа учун зарур миқдорда кредит ажратилади.
Эркин иқтисодий зонага берилган имтиёзлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларига қўлланилади, ҳар бирига камида 50-100 миллион доллар инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига, 200 гектар майдонда умумий қиймати 1 миллиард долларлик қўшимча саноат лойиҳалар амалга оширилади. Ушбу лойиҳаларни сифатли ишлаб чиқиш ва ижросини тизимли таъминлаш учун Лойиҳалар фабрикасининг «Ургут офиси» ташкил қилинади.
Депутатларнинг фикрича, мазкур имкониятлар натижасида ҳудудда амалга оширилаётган бу каби катта ҳажмдаги ишлар мустақилликнинг том маънодаги меваси ва кейинги тўрт йил давомида «Янги Ўзбекистон»да рўй бераётган улкан ўзгаришларнинг ёрқин ифодасидир.
Абдулазиз Йўлдошев
("Халқ сўзи")
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг