Деновда курашчилар учун замонавий ўқув-машғулот базаси қурилади
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган йиғилишда Сурхондарёнинг туризм салоҳиятини ишга солиб, йилига 1 миллиард долларлик тушум қилиш имкони борлиги қайд этилди.
Вилоятда Ал-Ҳаким ат-Термизий, Султон Саодат, Кокилдор ота, Қирқ қиз сингари 150 дан зиёд маданий мерос объекти жойлашган. Ҳисор, Бойсунтоғ, Кўҳитанг, Боботоғда альпинизм, треккинг, экотуризм учун жуда катта имконият бор.
Йигирма олти асрлик тарихга эга Эски Термиз ёдгорлиги тўлиқ ўрганилмаган. Буддизм маданиятига оид Фаёзтепа, Қоратепа, Далварзин, Зурмала каби ёдгорликларнинг туризм салоҳиятидан фойдаланиб, Япония, Корея, Хитой, Таиланддан йилига 500 минг сайёҳ жалб қилиш мумкин.
Мутасаддиларга Япония турагентлари билан туризм маршрути ишлаб чиқиб, музей, ўзбек-япон ошхонаси ва Япон боғи ташкил қилиш бўйича лойиҳаларни бошлаш топширилди.
Полвонлар юрти Сурхондарёда 8 мингдан ортиқ ёшлар кураш билан доимий равишда шуғулланади. Жорий йилда Деновдаги «Замондош» оромгоҳи негизида курашчилар учун замонавий ўқув-машғулот базасини қуриб бериш топширилди.
Бойсундаги мактаб-интернатда кураш билан шуғулланаётган ёшлар учун шу ернинг ўзида таълим олиш имкониятини яратиш кераклиги қайд этилди. Янги ўқув йилидан ушбу мактаб-интернатда спорт билан бирга мактаб дарслари ҳам йўлга қўйилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг