Деновда 384 та оила янги уйли бўлди

20:56 25 Март 2022 Жамият
1314 0

Фото: Халқ сўзи

Президентимизнинг 2020 йил 9 апрелдаги «2020-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисида»ги қарорига биноан ушбу ҳудуд замонавий қиёфа касб этиб, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашга хизмат қилувчи кўплаб янги иншоотлар фойдаланишга топширилмоқда. Жумладан, туманнинг «Лочин» маҳалласида 4 та 16 қаватли уйларнинг бунёд этилиши натижасида бирйўла 384 та оила янги турар жойга эга бўлди.

Янги хонадонларни ўз эгаларига топширишга бағишланган тақдимот маросимида таъкидланганидек, эндиликда марказдан олис ҳудудларда ҳам тажрибали қурилиш компаниялари томонидан енгил конструкцияли кўп қаватли уйлар барпо этилмоқда. Замонавий меъморчилик талаблари асосида бунёд этилаётган бундай массивларда аҳолига хизмат кўрсатишга мўлжалланган савдо ва маиший шохобчалар, боғча, мактаб, оилавий поликлиника сингари ижтимоий соҳа иншоотлари ҳам қад ростлаяпти.

— Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондиришга доир кенг кўламли ишлар биз каби эҳтиёжманд оилалар учун ҳамма қулайликларга эга хонадонда бахтли, фаровон яшаш имконини бермоқда. Турмуш қурганимга ўн йил тўлган бўлса, бир ҳовлида тўрт ака-ука ва овсинлар бирга яшаб келдик. Эндиликда бизнинг ҳам алоҳида уйимиз борлигидан жуда ҳам хурсандман. Ҳар бир аёл учун ўз уйи, тинч рўзғори бўлиши бу - бахт! — дейди янги хонадон эгаларидан бири Дилноза Бердиева.

Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 11 мартдаги «Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Сурхондарё вилоятида 2 минг 400 та янги уй-жой қурилиши белгиланган.

Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер