Давлатимиз раҳбари ташаббуслари – ёшлар бандлиги ва иқтисодий мустақиллигининг мустаҳкам кафолати

14:51 28 Февраль 2026 Жамият
580 0

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 24 февраль куни мамлакат ёшлар билан уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча имкониятларга бағишланган мулоқоти нафақат соҳадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми, балки юртимиз ёшлар сиёсатида мутлақо янги, стратегик босқични бошлаб берган тарихий воқелик бўлди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган муҳим ташаббуслар ва белгилаб берилган устувор вазифалар ёш авлоднинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришда беқиёс аҳамият касб этади.

Мулоқотда катта эътибор қаратилган ёшларнинг бандлигини таъминлаш, таълим ва кадрлар тайёрлаш, инновациялар ва рақамли технологиялар, ижтимоий ҳимоя ва инфратузилма, миллий ўзликни англаш ва интеллектуал салоҳиятни ошириш каби масалалар ёшларнинг нафақат бугунги муаммоларини ҳал қилади, балки уларнинг юқори натижаларга эришиши учун мустаҳкам ҳуқуқий ва молиявий пойдевор яратади. Маълум қилинганидек, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун қўшимча 200 миллион доллар маблағ йўналтирилиши, ўзини ўзи банд қилган ёшлар учун кредит миқдорининг 300 миллион сўмгача оширилиши ёшларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлашда тарихий қадамдир. Шунингдек, инновацион стартап лойиҳаларга 100 минг долларгача инвестиция киритиш ва энг яхши лойиҳаларни брендга айлантириш учун 1 миллиард сўмгача маблағ ажратилиши илм-фан ва бизнес уйғунлигини янги поғонага олиб чиқади.

Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар ҳафтанинг пайшанба кунини барча вазирлик, идора ва ҳокимликларда «Ёшлар куни» деб эълон қилиниши давлат органлари ва ёш авлод ўртасидаги масофани қисқартиришга хизмат қилувчи стратегик мулоқот механизми бўлиб, бу тизим раҳбарларнинг ёшлар муаммоларини ҳал этишдаги шахсий масъулияти ва фаолиятига берилган холис ижтимоий баҳога айланади.

Мазкур устувор йўналишларга ҳамоҳанг тарзда, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ҳам талаба-ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларни замонавий меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар этиб тайёрлаш бўйича тизимли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.

Хусусан, университетда «фан – таълим – ишлаб чиқариш» интеграциясини кучайтириш мақсадида йирик саноат корхоналари ва ташкилотларда кафедра филиаллари ташкил этилиб, талабаларнинг назарий билимларини бевосита амалиётда, реал иқтисодий кейслар асосида мустаҳкамлаши учун кенг имкониятлар яратилган. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Миллий банки билан ҳамкорликдаги «Келажакка қадам»дастури доирасида тадбиркорликка йўналтириш механизми йўлга қўйилган бўлиб, бу талабаларнинг касбий траекториясини талабалик давридаёқ белгилаб беришга хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, университет қошида ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва стартап лойиҳаларни рағбатлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган стратегик вазифалардан келиб чиққан ҳолда, иқтисодиётнинг реал сектори талабларига мос, инновацион фикрлайдиган ва юқори технологик билимларга эга кадрлар тайёрлаш тизими яна-да такомиллаштирилади ва бу борада кутилган юқори натижаларга эришиш университет жамоаси учун бош мақсад бўлиб қолади.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети жамоаси Президентимиз томонидан белгиланган ушбу улуғвор вазифаларни амалга оширишда бор куч ва салоҳиятини сафарбар этади. Биз ёш иқтисодчиларни нафақат назарий билимлар билан, балки уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодий барқарорликка ҳисса қўшишлари учун барча имкониятларни яратамиз.

Давлатимиз раҳбарининг мамлакат ёшлар билан уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча имкониятларга бағишланган мулоқоти – бу тизимли ёндашув Ўзбекистоннинг яқин келажакдаги иқтисодий ўсишини таъминлайдиган “Интеллектуал драйвер” бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

Тўлқин ТЕШАБАЕВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт
университети ректори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер