Давлат органлари халқимизга хизмат қиладиган замон келди
Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”
"Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак". Бугун ушбу тамойил фаолиятимизнинг асосий йўналишлардан бирига айланган.
Орадан ўтган давр мобайнида бу тамойил халқимиз турмушида қандай ўзгаришларни юзага келтирди? У фуқаролар манфаатига хизмат қила оляптими?

Хўжаобод тумани 2-сектор ҳудудида амалга оширилаётган ишлар орқали шу каби саволларга жавоб топамиз.
2-сектор ҳудуди тумандаги 10 та МФЙни ўз таркибига олган бўлиб, бу ерда 27 минг 943 нафар аҳоли истиқомат қилади. Табиийки, салкам ўттиз минг нафар аҳолининг қувончу ташвишига шерик бўлиш учун бир вужуднинг ақлу шуурини ўттиз минг парчага тақсимлаш даркор. Шундагина ҳар бир ҳамюртимизнинг саволига ижобий ечим топиш, уларнинг ҳаёт тарзини яхшилаш, муаммоларни бартараф этиш, камчиликларга барҳам бериш мумкин.
Шу боис махсус ишчи гуруҳи нафақат маҳаллада, балки ҳар бир хонадонда бўлиб, ҳар бир оиланинг ўз паспортини яратдилар. Унда нафақат, оила маълумоти, балки, улардаги ижтимоий мувозанат ҳам ўз аксини топди. Натижада 247 та оила “темир дафтар”, 424 нафар хотин-қизлар “аёллар дафтари” ва 227 нафар ёшлар “ёшлар дафтари” таркибига киритилдилар.
Маълумки, ушбу дафтарлар аҳолининг эҳтиёжманд қатламини даромад манбаига эга қилиш, ҳаётда, жамиятда ўз ўрнини эгаллашлари учун асосий тизимлардан биридир. Узоқни ўйлаб бошланган хайрли ишлар эса ҳамиша яхшилик манзили сари чорлаган. Жумладан, дафтарлар юритилиши ҳам тез фурсатда ўзининг ижобий натижасини кўрсата бошлади. Мисол учун, Чимбулоқ МФЙни олайлик.

Ушбу маҳаллада маҳаллабай тизими бўйча ҳар бир хонадоннинг ижтимоий ҳолати ўрганиб чиқилди. Бу эса унинг ўсиш нуқтаси, яъни драйверини белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этди. Шундай қилиб, Чимбулоқда тикувчилик соҳасини ривожлантириш аҳолини даромадли қилишнинг энг мақбул йўли экан. Шунингдек, ҳудудда асаларичилик, иссиқхона йўналишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Энг муҳими, 41 нафар фуқароларга имтиёзли кредитлар берилиши таъминланди.
Нигорахон Сотволдиева ҳам шу маҳаллада истиқомат қилади. Ҳудудда иш ўрнининг камлиги, муайян касбга эгамаслик ушбу аёлнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатди. Аксига олиб қизи Маржона Ортиқалиева ҳам ишсиз. 2-сектор масъуллари хонадонма-хонадон юриб, аҳоли билан юзма-юз мулоқоти жараёнида уларнинг ҳолати эътиборни тортди. Боиси, тикувчилик йўналишида яхшигина тажрибага эга бўлган аёл афсуски, моддий эҳтиёжга муҳтож эди.
Бироқ, уларнинг бу қайғуси узоққа чўзилмади. Сектор раҳбарлари бирданига 12 та тикув машинасини тақдим этиш орқали нафақат, Нигорахонни, балки шу маҳаллада яшовчи яна 10 нафар опа-сингилларни иш билан таъминладилар.
Сектор масъуллари аҳоли бандлигини таъминлашда кўмаклашиш билангина кифояланиб қолганлари йўқ, албатта. Жойларда эҳтиёжманд оилаларга моддий ва маънавий кўмак бериш ҳам куннинг асосий вазифаларидан бирига айланди. Жумладан, Бешқовоқ МФЙда яшовчи, якка ёлғиз оилалар рўйхатида турувчи Насибахон Абдуллаеванинг хонадонида таъмирлаш ишлари олиб борилди. Тез орада ҳовлида янги ўчоқхона, тандирхона ва ҳожатхона барпо этилди. Бундан ташқари 12 метрли навес қуриб берилди.

Орамизда шундай инсонлар бор – уларга озгина эътибор ва кўмак бўлса кифоя, нафақат ўзларини балки, ўзгаларни ҳам ишли қилади, даромадга олиб киради. Намуна кўчасида яшовчи Отабек Абидов ҳам қассобчиликнинг ҳадисини олган, бироқ, айрим сабабларга кўра бу йўналишда фаолият юргизишнинг имкони бўлмади. 2-сектор масъуллари шу заҳоти унга қассобхона қуриб берди ва якка тадбиркор сифатидаги фаолиятини бошлашига амалий кўмак кўрсатдилар.
Аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш учун, энг аввало, маҳалла идорасида етарли шароит бўлиши керак. Афсуски, Етмишмерган МФЙга нисбатан бу фикрларни айтиш бир пайтлар ноўрин бўлган. Ўзи етарли шароитга эга бўлмаган мутасаддилар қандай қилиб ўзгалар учун шароит яратиб бера олади? Сектор томонидан бошланган ташаббуслардан бири шу маҳалла идорасини қуриб битказишдан иборат бўлди. Қарабсизики, 1994 йилдан буён тадбиркорга тегишли бўлган бинода мослашмаган шароитда фаолият юритган маҳалла идораси бугунги кунга келиб энг замонавий шароитга эга бўлган янги бинода фаолиятини давом эттирмоқда.

Сектор ҳудудида шу кунгача 13 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилган. Бунинг натижасида 1640 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Шунга кўра “Oliy standart tex” масъулияти чекланган жамиятида 17 млрд. сўмлик инвестиция дастури асосида 500 ўринли тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона фаолияти йўлга қўйилди. Бу нафақат, ушбу маҳалла хотин-қизларини, Жалақудуқ, Булоқбоши ва Қўрғонтепа туманларидаги ишсиз фуқароларнинг ҳам бандлиги таъминлашга сабаб бўлди. 2021 йилнинг 9 ойи давомида ушбу корхонада 43.3 млрд. сўмлик 2.737 минг дона маҳсулот четга экспорт қилинди. 2022 йилнинг биринчи чорагида корхонада яна 200 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Бир сўз билан айтганда, республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, энг аввало, халқимиз манфаатига хизмат қилмоқда. Бундан, табиийки, ҳамюртларимиз мамнун.
“Халқ сўзи”
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг