Давлат хизматлари маркази янги бинода иш бошлади
“Халқ сўзи ONLINE”. Элёр Эҳсонов/Фарғона. Олтиариқ тумани Давлат хизматлари маркази аввал туман адлия биносида жойлашган эди. Бу ерда иншоот замонавий кўриниш касб этган бўлса-да, айнан давлат хизматларини кўрсатиш учун мўлжалланмаган эди. Шунинг учун ҳам фуқароларга тез ва осон, қулай шароитларда хизмат кўрсатишда ноқулайликлар мавжуд эди.
Шуларни инобатга олган ҳолда, Олтиариқ туман давлат хизматлари марказининг янги биноси Тинчлик шаҳарчаси, А. Навоий кўчаси, 7а-уйда, эски Маданият саройи биносида жойлашди. Бу ердаги 350 ўринли тадбирлар зали ҳам ДХМ ихтиёрига топширилди.
— Давлат хизматлари маркази биноси анъанавий архитектура ва миллий меъморий ечим, замонавий дизайн талаблари асосида барпо этилди, — дейди Давлат хизматлари маркази раҳбари Ойбек Эшматов. — Аввало, кутиш залида қулай ва бежирим жиҳозланган кутубхона фуқароларнинг навбат кутиш вақтини мазмунли ўтказишини таъминлайди. Электрон навбат, инфокиоск, болалар майдончаси ташкил этилган. Ташриф буюрувчи ҳар бир мижоз инфолэнд орқали кўрсатиладиган барча хизматлар ҳақида тўлиқ маълумот олиши ёки ундаги ахборотларни мобиль телефонига юклаб олиши мумкин. Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқувчи Бош вазир қабулхонаси, чет эллик ҳамда маҳаллий инвесторлар учун алоҳида инвесторлар хонаси ҳам мавжуд. Марказда бир вақтнинг ўзида 22 нафар, бир кунда 660 нафар фуқарога хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Залда ўрнатилган мониторларда 130дан ортиқ давлат хизматлари юзасидан маълумотлар марказга келувчи фуқаролар учун тақдим этилади.
Фарғона вилоятида шу кунга қадар шаҳар ва туманларда 9 та ДХМлари фойдаланишга топширилди. Янги 2020 йил бошида яна 4 та туман — Ёзёвон, Бағдод, Учкўприк ҳамда Фарғона туманларида мана шундай марказлар янги биноларда иш бошлайди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг