Давлат иштирокидаги корхоналар сонини 2021 йилда 30, 2023 йилда 65 ва 2025 йилда 75 фоизга қисқартириш режалаштирилмоқда
Бу ҳақда кеча, 2 июль куни Давлат активларини бошқариш агентлигида Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан «Демонопализация ва давлат мулкини хусусийлаштириш масалалари» мавзусида ўтказилган давра суҳбатида айтиб ўтилди.
Унда Сенат аъзолари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги масъуллари, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони ҳамда Савдо-саноат палатаси вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида жорий йилнинг 1 июль куни Президентимиз раислигида давлат активларини хусусийлаштириш соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифаларга урғу берилди.
Қайд этилганидек, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг асосий устувор йўналишларидан бири давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш, хусусий мулк ролини янада мустаҳкамлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни амалга оширишдир.
Таъкидлаш лозимки, давлат компанияларини трансформация қилишни жадаллаштириш ҳамда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва амалда давлат активларини очиқ-ошкора ва самарали сотиш учун, халқаро молиявий ва ҳуқуқий маслаҳатчиларни жалб этиш юзасидан давлатимиз раҳбари томонидан вазифалар белгиланди ва бир қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилиниб, 556 та давлат активи хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш ва жозибадорлигини оширган ҳолда хусусий секторга тўлиқлигича оммавий савдолар орқали сотилиши ҳамда агентлик томонидан 39 та корхонада корпоратив бошқарув ва молиявий аудит жорий этган ҳолда уларнинг операцион самарадорлиги оширилиши белгиланган.
Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг 2020 йилдаги 11 февралдаги «Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш тўғрисида»ги Фармони билан 29 та йирик давлат активи, жумладан, «Қизил сув спорт соғломлаштириш» МЧЖ, «Белдирсой», «Чорвақ», «Сижжак» дам олиш масканлари, «Ичан қалъа» меҳмонхона мажмуаси, «Пойтахт» бизнес мажмуаси ва бошқа давлат активларини сотиш назарда тутилган.
Фармонлар ижроси юзасидан бугунги кунда 541 та давлат улуши мавжуд корхонанинг 247 таси 2,3 трлн сўм қийматда савдога чиқарилиб, шундан, 115 таси 611,2 млрд сўмга сотилди.
Бундан ташқари, «Соса-соlа Ичимлиги» корхонаси, «Ўзагроэкспортбанк» ва «Пойтахт банк» тижорат банклари, «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи», «Кварц», «Трест-12» корхоналари ва «Кафолат» суғурта компаниясининг давлат улушларини сотиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартдаги «2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, давлат иштирокидаги корхоналарга нисбатан «сот ёки тушунтир» тамойили амалиётга жорий этилади. Натижада давлат иштирокидаги корхоналар сони 2021 йилда 30 фоиз, 2023 йилда 65 фоиз ва 2025 йилда 75 фоизга қисқариши режалаштирилган.
Давра суҳбатида корпоратив бошқарув, давлат корхоналарини қайта ташкил этиш ва соҳада мавжуд муаммоларни аниқлаш, фикр алмашиш ва замонавий ёндашув ҳамда усуллар асосида агентлик фаолиятини ташкил этишнинг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича эксперт Кенгашини тузиш мақсадга мувофиқлиги билдирилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Хусусийлаштириш тўғрисида»ги ва «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги қонунларини ишлаб чиқиш ҳамда аутсорсинг, краудсорсинг, давлат ижтимоий буюртмаси, аккредитация, сертификатлаштириш ва бошқа усуллар орқали давлат функцияларини босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш асосида иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш ва самарали рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда тадбиркорлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш таклифлари ўртага ташланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг