Давлат эътибори – тараққиёт кафолати

19:19 06 Апрель 2026 Жамият
389 0

Иллюстратив фото

Бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодий сиёсатида ер ости бойликларидан самарали фойдаланиш, минерал-хом ашё базасини кенгайтириш ва саноатни барқарор ривожлантириш устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидланганидек, геология соҳаси ҳар қандай давлат иқтисодий мустақиллиги ва саноат ривожининг пойдеворидир. Айниқса, глобал рақобат кучайиб бораётган бир шароитда янги конларни аниқлаш, ресурсларни чуқур қайта ишлаш ва қўшимча қиймат яратиш долзарб вазифага айланмоқда. Яқинда Президентимиз Фармонига кўра бир гуруҳ соҳа фидойилари давлатимизнинг юксак унвону мукофотларига сазовор бўлди ва улар орасида “Ўзбек геология қидирув” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг ўринбосари — бош геологи Элмурод Ҳасанович Эргашев ҳам бор. У соҳада ўтган йил мобайнида соҳада амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди.

—Аввало, геология ходимлари куни муносабати билан йўллаган самимий табриги ва берилган юксак мукофот учун Президентимизга ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман. Юракдан айтилган бир оғиз ширин сўз инсонга нечоғлик куч беради, юксак унвон эса одамни беҳад қувонтиради. Чунки бу соҳамизга бўлган чексиз ҳурмат белгисидир. Агар кейинги бир йиллик фаолиятимизга назар ташласак, рақамларда барчаси яққол кўзга ташланади. Ўтган йил АЖ тизимида 141 та лойиҳа доирасида олтин, мис, кумуш, қўрғошин, рух, вольфрам ва бошқа фойдали қазилмалар бўйича кенг кўламли қидирув ишлари олиб борилди. Натижада 20 та лойиҳа муваффақиятли якунланиб, аниқланган захиралар давлат балансига қабул қилинди. Президентимизнинг “ресурс базасини кенгайтириш орқали иқтисодий ўсишни таъминлаш” стратегиясига амал қилган ҳолда рақамлаштиришга жиддий киришганмиз. Шунингдек, замонавий аэрогеофизик технологияларни жорий этиш орқали катта ҳудудларни қисқа вақт ичида ўрганиш имконияти яратилган. “Аerobus H125” вертолётлари асосида олиб борилаётган тадқиқотлар, дронлар ва янги геофизик ускуналар эса қидирув самарадорлигини кескин оширмоқда.

Жорий йилдан эса Марказий Қизилқум ҳудудида 60 минг км² майдонда аэрогеофизик тадқиқотларни амалга оширишга киришдик. Албатта геология-қидирув ишларининг самарадорлиги лаборатория таҳлилларининг юқори даражада бўлишига боғлиқ. Шу боис жамият таркибидаги 5 та лабораторияларни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланишига ҳам мутахассислар малакасини оширишга ҳам жиддий эътибор қаратганмиз. Шунга мувофиқ равишда йил давомида 750 мингдан ортиқ таҳлиллар ўтказилди ва уларнинг аниқлиги халқаро стандартларга мос равишда 0.01 ппм даражани ташкил этмоқда. Марказий лабораториянинг ИСО 17043:2025 стандарти бўйича аккредитациядан ўтгани ҳам соҳамизнинг глобал талабларга мослашаётганидан далолатдир.

Фаолиятимиз мамлакатимиздаги йирик саноат корхоналари — Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳамда “Навоийуран” корхонаси билан чамбарчас боғлиқ. Шу ҳамкорликка кўра ўтган йил 754 минг погона метр бурғилашни, 118 минг погона метр геотехнологик қудуқлар қазишни, 6,5 мингдан зиёд п.м. ер ости тоғ-кон лаҳм ўтиш йўлларини, 323 минг м³ ер усти лаҳм қазиш ишларини амалга оширдик. Бу кўрсаткичлар нафақат жамиятимиз ресурс базасини кенгайтиради, балки давлат бюджети даромадларини ошириш, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади. Қолаверса келгусида геология қидирув ишларини янги босқичга кўтаришга давлат эътибори янада кучаяди. Давр талаби — шу. Чунки давлатимиз раҳбарининг соҳа вакилларига йўллаган табрикларида айтиб ўтилганидек, юртимизда олтин ишлаб чиқаришни – 1,5 баробарга, кумушни – 3 каррага, мисни – 3,5 мартага, уран, темир ва кўмирни – 3 ҳиссага ошириш белгиланган. Бу ўз навбатида тизимдаги ҳар бир мутахассис зиммасига катта масъулият юклайди ҳамда бу улуғвор вазифаларни бажаришга бутун куч ва билимимизни сафарбар этамиз. Бунга асло шубҳа йўқ.

Абдунаби АЛИҚУЛОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер