Даниялик сайёҳ 125 йил муқаддам Бухорода суратга олган «Қуйи ҳовли» қаерда?

10:09 17 Март 2021 Маданият
3233 0

Хорижликлар азал-азалдан юртимизга қизиқиш билдириб келишган. Оле Олуфсен (1865 — 1929) ана шуларнинг бири. Даниялик офицер ва сайёҳ саналган бу инсон Марказий Осиёга келиб фотосанъати билан шуғулланган дастлабки сураткашлардан ҳисобланади.

Оле Олуфсен

— Бухоро шаҳридан Дания пойтахти Копенгагенгача бўлган масофа тахминан 5440 километрни ташкил этади, — дейди бухоролик ўлкашунос Раҳмат Шарифов. — Самолётни-ку қўя туринг, автотранспорт ҳам бўлмаган ўша кезларда шу қадар олис йўлга саёҳатга чиқишга ҳар ким ҳам журъат қилолмаган, албатта.

Оле Олуфсен сафар олдидан Марказий Осиёга оид адабиётларни ўқиган. Ҳатто шу юртда яшовчиларнинг ҳаққи-ҳурмати туркий тилни ўрганган. Дастлаб ҳомийлар, кейин эса Дания маданият вазирлиги ва Карлсберг жамғармаси кўмагида 1896-1897 йиллар ҳамда 1898-1899 йилларда ўлка бўйлаб экспедиция уюштирган.

Биз бу сафарлар тафсилоти ҳақида батафсил тўхталиш ниятида эмасмиз. Фақат Олуфсеннинг шу сафар таассуротлари асосида китоб ёзганини, унда мавзуга оид кўплаб суратлар борлигини таъкидламоқчимиз.

— Бошқа тадқиқотчилардан фарқли тарзда Олуфсен Бухоро амирининг барча саройларини кўриш имконига эга бўлади, — давом этади Р. Шарифов. — Ситораи Моҳи Хосса, Чорбоғ, Ширбудин саройлари шаҳар ташқарисида, Қуйи ҳовли билан Қоплон эса шаҳар ичкарисида эди. Сайёҳ бу саройлар ҳақида атрофлича тўхталаркан, жумладан, «Қуйи ҳовли Регистондан бироз ғарброқда жойлашган. У жуда катта. Икки қаватли қилиб қурилган.Катта ҳовлиси ҳам бор», деб ёзади. Саёҳатчи, шунингдек, Қуйи ҳовлининг суратларини ҳам олган.

Бундан чамаси, 125 йил муқаддам олинган бу суратга боқиб, ўша давр меъмору усталарининг маҳоратига тан берасан, киши.

Қуйи ҳовлининг кўриниши

Хўш, Қуйи ҳовлининг кейинги тақдири нима бўлди? У ҳозир ҳам борми?

Афсуски, бу гўзал мажмуа ҳозир йўқ. Амир Музаффархон ҳукмронлиги даврида қурилган Қуйи ҳовли 1920 йилги шўролар босқини чоғида ер билан яксон қилинди. Аэроплан ҳамда тўплардан ўққа тутилган кўҳна шаҳар кўплаб осори атиқалар қатори Қуйи ҳовлисидан ҳам ажралди.

1920 йилги босқиндан сўнг Бухоро ана шундай вайрона аҳволга келганди

Бу урушлар нафақат инсониятнинг, балки аждодлар ақл-заковати маҳсули бўлган ёдгорликларнинг ҳам кушандаси эканидан далолат беради. Бинобарин, тинч ва осуда ўтаётган ҳар бир куннинг қадрига етишни унутмаслигимиз керак.

Бухоронинг ҳозир кўпчиликка номаълум обидасини 125 йил муқаддам суратга олиб, жуда хайрли иш қилган Олуфсенга келсак, саёҳатчини ўз юртида ҳали-ҳануз эҳтиром билан эслашади. У тўплаган қимматбаҳо этнографик материаллар ҳозир ҳам Дания музейларининг тўрида турибди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
(«Халқ сўзи»)

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер